Касб — барқарор бандлик ва фаровон ҳаёт пойдевори
Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мамлакатимиздаги муҳим йўналишлардан бири.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги Қарши шаҳри Касбий кўникмалар марказида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Марказда июль-август ойларида 500 нафардан зиёд тингловчи 32 дан ортиқ касб йўналиши ҳамда 5 та хорижий тил курсида таҳсил олмоқда.
Машғулотлар замонавий устахоналарда малакали мутахассислар томонидан назарий ва амалий шаклда олиб борилмоқда. Тингловчилар танлаган касби бўйича зарур билим ва кўникмаларни бевосита амалий машғулотлар жараёнида эгалламоқда.
Марказ фаолиятида иш берувчилар билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Маҳаллий саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўқув дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, битирувчиларни ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-30840]
Ўқув устахоналари замонавий жиҳоз ва асбоб-анжомлар билан таъминланган. Электромонтёрлик ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида тингловчилар замонавий диагностика ускуналари билан ишлашни ўрганмоқда. Тикувчилик, қандолатчилик каби касблар бўйича эса амалий машғулотлар замонавий технология ва ускуналар асосида ташкил этилган.
Касб-ҳунар эгаллаш учун яратилган бундай имкониятлар аҳолининг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, янги иш ўринларига эга бўлиш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ва касб-ҳунар эгаллаш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлашда касбий кўникмалар марказларининг ўрни муҳим. Бу борада жорий этилган ваучер тизими ҳам аҳолининг касбий таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5U4ysaAT0Oc" title="Kasb — barqaror bandlik va farovon hayot poydevori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат ва видео), ЎзА