Картошкачиликда ислоҳотлар шиддатини ҳисоботлар эмас, балки даладаги реал натижа белгилайди
Қарор ва ижро
Халқимиз тилида “иккинчи нон” деб улуғланувчи картошка – шунчаки рўзғор маҳсулоти эмас. У ижтимоий барқарорлик ва миллий озиқ-овқат хавфсизлигининг энг асосий, стратегик устунларидан биридир. Шу боис, мамлакатимизда ушбу соҳани ислоҳ қилиш, ҳосилдорликни ошириш ва импортга қарамликка барҳам бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Жумладан, сўнгги йилларда соҳани ривожлантириш йўлида кўплаб ҳаракатлар амалга оширилди. Президентимизнинг “Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа истиқболини белгилаб берган муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжат билан 2030 йилга бориб ҳосилдорликни гектаридан ҳозирги 16–17 тоннадан 25–30 тоннагача ошириш, 2028 йилдан бошлаб эса йилига камида 10 миллион дона маҳаллий мини-туганаклар етказиб беришни йўлга қўйиш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, тижорат банклари орқали картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилиши, қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг ярми бюджетдан қоплаб берилиши тизими деҳқон учун ҳақиқий суянч бўлди. Натижада картошка экиладиган майдонлар кенгайиб, анъанавий ҳудудлардан ташқари Тошкент, Жиззах, Наманган вилоятларининг тоғолди туманларига ҳам кириб борди.
Шу билан бирга, картошка етиштирувчиларга суғориш тадбирлари учун ўз балансидаги насос агрегатлари сарфлайдиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда. 2030 йил 1 январга қадар картошка етиштирувчиларга ўз эҳтиёжлари учун хориждан олиб келинадиган картошка экиш ва йиғиштириш учун мўлжалланган техникалар божхона божидан озод қилинди.
Маълумки, картошкачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш ва деҳқон меҳнатининг самарадорлигини таъминлаш бевосита сифатли уруғ базасини яратиш билан боғлиқ. Шу боис, “in-vitro” лабораторияларида вирусдан холи мини-туганаклар етиштириш, алмашлаб экиш ва агротехник тадбирларни даврий мониторинг қилиш, шунингдек, 2026 йилдан бошлаб мажбурий тартибда экинбоплик хулосаси ва рақамли QR-кодли ёрлиққа эга бўлмаган уруғларни экишни тақиқлаш каби қатъий назорат тизимининг жорий этилиши соҳада ижобий самара бермоқда.
Сабаби, илмий асосланган бундай ёндашув ва давлат назорати нафақат маҳаллий уруғнинг нав тозалигини кафолатлайди, балки деҳқонларимизни сифатсиз маҳсулот туфайли юзага келадиган хавф-хатарлардан ҳимоя қилиб, миллий картошкачилик секторини мутлақо янги, юқори технологияли босқичга олиб чиқади.
Соҳада амалга оширилаётган мана шундай кенг кўламли ислоҳотлар, молиявий рағбатлар ва уруғчиликни ривожлантириш йўлидаги ютуқларга қарамай, соҳанинг тўлиқ салоҳиятини юзага чиқаришга тўсқинлик қилаётган айрим тизимли камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, юқорида белгиланган мақсадлар ва замонавий талаблар қуйи бўғиндаги ижро масъулларининг эскича иш услуби сабаб, барча ҳудудларда ҳам кутилган натижани бермаяпти.
Шу билан бирга, ўзгариб бораётган иқлим шароитига мослашиш ва аҳолининг кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қондириш нуқтаи назаридан қараганда, картошкачилик секторида ҳали ўз ечимини кутаётган оғриқли масалалар ва инфратузилмавий тўсиқлар соҳа ривожини янада жадаллаштириш учун комплекс ёндашувни тақозо этмоқда.
Энг биринчи заиф нуқталаримиздан бири бу – ҳамон Россия, Нидерландия ва Германия каби давлатларнинг уруғлик маҳсулотларига қарам бўлиб қолаётганимиз. Тўғри, юқорида айтиб ўтганимдек, элита уруғларни маҳаллийлаштириш бўйича лабораториялар ташкил этилди. Аммо уларнинг амалий қуввати умумий эҳтиёжнинг жуда кичик фоизини қоплайди, холос.
Айрим маҳаллий ижро ҳокимияти ва соҳа мутасаддиларининг бепарволиги сабаб лабораторияларни саноат даражасига олиб чиқиш, маҳаллий уруғчиликни ривожлантириш ишлари фақат тақдимотларда қолиб кетмоқда. Оқибатда оддий деҳқон бозордан ҳеч қандай сертификати бўлмаган, сифатсиз уруғни сотиб олишга мажбур. Бу маҳсулотни экиш эса тайёр йўқотиш демакдир, ҳосилдорлик 30-40 фоизгача пасайиб кетмоқда.
Қолаверса, картошка намлик ва мўътадил ҳароратни хуш кўрувчи экин. Глобал исиш даврида ёзда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши экин ривожланишини тўхтатади. Бундай шароитда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳаёт-мамот масаласига айланиши керак. Афсуски, суғориш тизимларининг эскирганлиги ва сув исрофгарчилиги ҳамон давом этмоқда. Идоралар ҳисоботларида кўрсатиладиган сув тежовчи технологияларнинг аксарияти далада эмас, қоғозда ишлаяпти.
Яна бир тизимли инқироз маҳсулотни сақлаш занжирида яққол кўринади. Юртимизда йиғилган баҳорги ва кузги ҳосилни сақлаш учун замонавий совуткичли омборхоналар сиғими етарли эмас. Ҳосилни даладан истеъмолчига етказгунча бўлган жараёндаги исрофгарчилик баъзи йилларда 20-25 фоизни ташкил этмоқда. Бу деҳқон меҳнати ва маблағи ҳавога совуриляпти дегани.
Омборлар етишмагач, деҳқон ҳосилини кузда арзонга сотишга мажбур бўлади. Қиш ва баҳорга бориб эса бозорларимизда сунъий тақчиллик юзага келади, нархлар осмонга кўтарилади. Бундан эса фақат воситачилар ва импортёрлар фойда кўради, деҳқон ва оддий халқ эса зиён кўраверади. Маҳаллий ҳокимликлар эса ушбу логистика занжирини ташкил этишда камчиликларга йўл қўймоқда.
Ҳар йили мавсум якунида аҳоли эҳтиёжларига етарли бўлган 4 миллион тонна ҳосил етиштирилгани ҳақида гапирамиз, лекин қиш ва баҳор ойларида бозорларимизни Покистон, Қозоғистон ва Эрон картошкаси эгаллаб олади. Нархлар эса аҳоли ҳамёнига оғирлик қиладиган даражада кўтарилади. Бу ҳолат тизимда узилиш борлигидан, назорат ва ижро механизми оқсаётганидан далолат беради.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакили сифатида вазиятни соғломлаштириш учун қуйидаги ташаббусларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайман. Жумладан, хориж уруғига қарамликка чек қўйиш мақсадида маҳаллий лабораторияларни шунчаки “илмий марказ” эмас, йирик ҳажмда сифатли уруғ етказиб берувчи фабрикаларга айлантириш, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга давлат ички бозор барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун етиштирилган картошка маҳсулотини олдиндан белгиланган кафолатланган нархларда сотиб олишига оид нормани киритиш керак.
Шунингдек, ҳар бир картошкага ихтисослашган туманда давлат-хусусий шериклик асосида йирик совуткичли омборлар тармоғини қуриш зарур. Деҳқон маҳсулотини ушбу омборга топшириб, у ердан маҳсулот қийматининг бир қисмини олдиндан пул (бўнак) кўринишида олиш тизимини йўлга қўйиш керак. Бу орқали воситачиларнинг бозорни монополия қилиб олишига барҳам берилади ҳамда деҳқоннинг ўз маҳсулотини вақтида кафолатли сотишига, бозорларда нархлар сунъий кўтарилишининг олдини олишга эришилади.
Хулоса қилиб айтганда, картошкачиликда ислоҳотлар шиддатини ҳисоботлар эмас, балки даладаги реал натижа белгилайди. Юртимизда ушбу истиқболли соҳани оёққа турғизиш учун етарлича сиёсий ирода ва зарур имтиёзлар яратиб берилган. Эндиги вазифа қуйи бўғиндаги ижрочилар ва масъулларнинг масъулиятсизлигига чек қўйиб, илм билан далани, деҳқон билан бозорни боғловчи занжирни маҳкамлашдан иборат. Зеро, ислоҳотлар қоғозда эмас, далада ўз мевасини бергандагина кўзланган натижага эришилади, халқимиз дастурхони тўкин, рўзғоримиз эса баракали бўлади.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА