Хатирчида пахтага дронлар ёрдамида ишлов берилмоқда
Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Сулаймон сайқали” фермер хўжалигида пахтага дронлар ёрдамида ишлов берилмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аграр соҳада ресурс тежовчи, юқори самарали технологиялардан фойдаланиш кўлами тобора кенгайиб, бу фермер хўжаликларининг меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Хўжаликда эрта баҳорда жорий йил пахта ҳосили учун 22 гектар майдонга чигит қадалган эди. Унинг 20 гектарига Хитойнинг Шинжон технологияси асосида иқлим шароитига мос, серҳосил “XinLuZao-87” навли уруғлик чигит экилиб, уни парваришлашда ҳам замонавий агротехнологиялар қўлланилмоқда.
Бугунги кунда мазкур пахта майдонларида ғўзани озиқлантириш ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш ишлари махсус дронлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Замонавий учувчисиз учиш аппарати орқали микроэлементлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари аниқ меъёрларда ҳамда қисқа вақт ичида пуркалмоқда. Бу эса агротехник тадбирларнинг сифатини янада ошириш билан бирга, инсон меҳнатини енгиллаштирмоқда.

– Дронлардан фойдаланишнинг энг муҳим афзалликларидан бири – вақт ва ресурсларни тежашдир, – дейди фермер Сулаймон Зулфиқоров. – Бу усулда анъанавий техникаларга нисбатан бир неча баробар тезроқ ишлов бериш имконияти яратилиб, ёқилғи сарфи ва меҳнат харажатлари камаяди. Шунингдек, пуркаладиган препаратлар ғўза баргининг ҳам устки, ҳам остки қисмига бир текисда етиб бориши туфайли зараркунандаларга қарши курашиш самарадорлиги ортади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, дронлар дала қаторларига кирмасдан туриб ишлов бериши сабабли тракторлар каби ғўза қаторларини босиб кетмайди, ниҳолларга механик зарар етказмайди. Бу эса ҳар бир туп ғўзанинг сақланишига, якуний ҳосилдорликнинг ошишига ва фермернинг иқтисодий манфаати таъминланишига хизмат қилади.
Бугун мамлакатимизда рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шундай амалий натижаларни бермоқда. Хатирчи туманида синовдан ўтказилаётган дрон технологияси пахтачиликни янги босқичга олиб чиқиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва рақобатбардош қишлоқ хўжалигини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Албатта, бундай илғор тажрибаларнинг оммалашиши мамлакатимизда аграр соҳани замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, озиқ-овқат ва хомашё хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг самарасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири