Хитой бозорига экспорт янада осонлашади
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси масъул ходимлари, Хитой Бош божхона бошқармаси (GACC) ҳамда Карантин хизмати вакиллари иштирокида ўтказилган ишчи учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспорт жараёнларини соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, экспорт юкларини расмийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, божхона расмийлаштируви, фитосанитария ва карантин ҳужжатларини расмийлаштириш муддатларини қисқартириш, шунингдек, экспортёрларни рўйхатдан ўтказиш ва тегишли реестрларга киритиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистондан Хитой бозорига экспорт қилинаётган маҳсулотлар билан боғлиқ амалий муаммоларни атрофлича кўриб чиқиб, уларни тезкор ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, экспорт жараёнида юзага келаётган масалаларни оператив ҳал қилиш мақсадида икки мамлакатнинг ваколатли идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ишчи алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони карантин талаблари, фитосанитария назорати, озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт-импорт тартиб-таомиллари ҳамда нотариф тартибга солиш соҳаларида мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди. Қайд этилганидек, мазкур механизм амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, экспорт жараёнларида учраётган масалаларни тезкор мувофиқлаштириш ва тадбиркорлар учун ортиқча вақт ҳамда харажатларни қисқартиришга хизмат қилади.
Хитой томони мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, учрашувда кўтарилган масалаларни Хитой Бош божхона бошқармасининг тегишли департаментларига етказиш, навбатдаги музокараларни кенгайтирилган форматда ташкил этиш ва ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида экспортни рағбатлантириш, божхона ва карантин соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Бундай амалий мулоқотлар экспортёрлар дуч келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш, маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб бериш жараёнини соддалаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг Хитой бозоридаги экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА