Канададан АҚШга 20 миллиард долларлик тариф зарбаси
Канада 8 сентябрдан АҚШдан импорт қилинадиган қарийб 700 турдаги маҳсулотга 15, 25 ва 50 фоизлик бож жорий этади. Умумий қиймат йилига қарийб 20 миллиард долларга тенг. Мазкур чора Вашингтоннинг Канада товарларига нисбатан янги тарифига мос равишда, долларма-доллар ҳисобида белгиланган.
Энг юқори – 50 фоизлик бож пўлат, алюминий, мебель ва кийим-кечакка татбиқ этилади. Пишлоқ, маиший техника ва айрим денгиз маҳсулотларига 25 фоиз, электроника ва асбоб-ускунага 15 фоизлик тариф белгиланган. Рўйхатга озиқ-овқат, атир-упа, елим, ёғоч, қоғоз, гилам ва турли саноат маҳсулотлари ҳам киритилган.
Оттава тариф билан бирга 7,5 миллиард Канада долларига тенг ёрдам пакетини ҳам ишга туширади. Бу пул кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, компаниялар айланма маблағини сақлаб қолиш ва янги бождан зарар кўриши эҳтимоли мавжуд ходимларга ёрдам беришга йўналтирилади. Таъсирга тушган корхоналарга 2,5-5 миллион Канада доллари миқдорида фоизсиз кредит ажратилади. Қарзни қайтариш 36 ойдан кейин бошланади.
Бу икки давлат ўртасидаги тариф уруши кўп йиллик икки иттифоқчи муносабатида кескинликни юзага чиқарди. Вашингтоннинг сўнгги чораси Канада экспортининг тахминан 5 фоизига тааллуқли бўлса-да, таҳлилчилар ёғоч маҳсулотлари каби аллақачон қийин аҳволга тушган айрим тармоқларга зарба кучли бўлишини таъкидламоқда. Оттава эса жавоб тарифи нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш, балки 3 ноябрь оралиқ сайлов олдидан АҚШга сиёсий босимни кучайтириш воситаси сифатида ҳам кўряпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА