Камилла ва Мария Майамида ўйнайди
Америка Қўшма Штатларининг Флорида штати Майами шаҳрида теннис бўйича аёллар ўртасида “WTA 1000” таснифига кирувчи “Miami Open” турнири саралаш баҳслари старт олди.
Турнирнинг асосий тўр баҳсларига йўлланма берувчи саралаш босқичида икки теннисчимиз – Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева иштирок этмоқда. Қуръа натижасига кўра, мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси бўлган Камилла илк баҳсини франциялик Леолия Жанжанга қарши ўтказса, Мария Янги Зеландия вакили Лулу Сан билан куч синашади.
Маълумот учун, “Miami Open” турнирининг бу йилги мукофот жамғармаси 9 миллион 415 минг 725 АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақа ғолиби 1 миллион 151 минг 380 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан биргаликда, 1000 рейтинг очкосига эга бўлади. Умумий жамғармадаги пуллар ва рейтинг очколар теннисчиларнинг қайд этган натижаларига кўра тақсимланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА