Тезкор ўйинда ғолиблар аниқланди
Сирдарё вилояти Сардоба тумани спорт мактабида чим устида хоккей бўйича U16 ёш тоифасида ўғил болалар ва қизлар ўртасида вилоят чемпионати бўлиб ўтди. Икки кун давом этган мусобақа юқори суръат, кескин вазиятлар ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Энг муҳими, чим устида хоккей спортнинг бошқа турларига қараганда тезкор реакция, аниқ техника ва жамоавий уйғунликни талаб этади. Майдондаги тезкор алмашинувлар, ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги узлуксиз рақобат ушбу спорт турининг ўзига хос динамикасини намоён этди.

Мусобақада вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 11 та жамоа таркибида қарийб 200 нафар ёш спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ўйинлар давомида жамоалар ўзаро тенг кучли рақобат намоён этиб, ҳар бир баҳс якунигача кескинлик сақланиб қолди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда Сайхунобод туманининг 1-жамоаси барқарор ўйини билан чемпионликни қўлга киритди. Сардоба тумани жамоаси иккинчи, Сайхунобод туманининг 2-жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ўғил болалар ўртасида эса Сайхунобод туманининг 1-жамоаси мусобақа давомидаги устун ўйинини якуний натижада ҳам сақлаб қолди ва чемпионликни қўлга киритди. Сардоба тумани жамоаси иккинчи, Ховос тумани жамоаси эса учинчи ўрин билан мусобақани якунлади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири