Камилла Раҳимованинг “US Open”даги илк рақиби маълум бўлди
"US Open-2026"да Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимовани кучли рақиб кутмоқда.
Хабарингиз бор, Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “US Open-2026” турнирининг саралаш баҳслари қизғин давом этмоқда.
Мукофот жамғармаси 108 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақанинг аёллар ўртасидаги саралаш баҳсларида мамлакатимизнинг учинчи рақамли теннисчиси Полина Кудерметова мағлубиятга учраганидан сўнг, мухлисларимизнинг асосий эътибори яккалик баҳсларида иштирок этадиган Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеевага қаратилмоқда.
Айни пайтда Камилла Раҳимованинг асосий тўр илк даврасидаги рақиби маълум бўлди. Теннисчимиз “US Open-2026”даги биринчи учрашувини чехиялик Барбора Крейчиковага қарши ўтказади. Мария Тимофеевага эса биринчи даврада ким рақиб бўлиши саралаш баҳслари якунланганидан сўнг маълум бўлади.
Маълумот учун, “US Open-2026” турнири аёллар ўртасидаги яккалик баҳслари ғолибига 5 миллион 500 минг, финалчига эса 2 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА