Камбағалликни қисқартириш — хонадондан бошланади
Камбағалликни қисқартириш ҳар бир оиланинг ҳаётига чуқур кириб бориш, унинг ҳақиқий эҳтиёж ва имкониятларини аниқлашдан бошланади. Чунки ҳар бир хонадоннинг муаммоси, шароити ва эҳтиёжи турлича. Бирига иш ўрни, бирига касб-ҳунар, яна бирига тиббий ёки ҳуқуқий кўмак зарур бўлиши мумкин. Шу боис бугун аҳоли билан ишлашда умумий ёндашувдан кўра, инсоннинг аниқ ҳолатидан келиб чиқиб, манзилли ечим топишга устувор аҳамият берилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда айрим ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳали кутилган натижани бермаётгани танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, аҳолига фақат кредит ёки моддий ёрдам ажратиш билан чекланиб қолмасдан, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиш, бозор топиш, касб ўрганиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, бизнес-режа тузиш ва маҳсулотини сотиш занжирига чиқишда ҳам амалий ёрдам бериш зарур. Зеро, камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли инсонни бир марталик кўмакка эмас, ўз меҳнати ва имконияти орқали барқарор даромад топишга йўналтиришдир.
Боёвут туманида хотин-қизлар билан ишлаш жараёнида амалга оширилаётган хонадонбай ўрганишлар ҳам ана шу вазифаларнинг жойлардаги амалий ифодаси бўлмоқда. Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наригза Тожибоева тумандаги Ўзбекистон, Марказ, Алишер Навоий ва Ифтихор маҳаллаларида бўлиб, Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Д. Каттаханованинг сайёр қабулида мурожаат қилган фуқаролар хонадонларига шахсан ташриф буюрди ва уларнинг муаммоларини жойида ўрганди.

Эътиборлиси, бу жараёнда муаммони қоғозда қайд этиш билан чекланилмади. Ҳар бир оиланинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари, мавжуд имкониятлари ва ечимини кутаётган масалалари хонадоннинг ўзида ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар белгиланди.
Жумладан, “Ўзбекистон” маҳалласи, Истиқлол кўчасидаги 22-уйда яшовчи Махсуда Джулабебкованинг жарроҳлик амалиётига эҳтиёжидан келиб чиқиб, унга тиббий ордер бериш ва даволаниш жараёнини мувофиқлаштириш чоралари кўрилди. Марказ маҳалласининг Баҳор кўчасидаги 5-уйда яшовчи Назирхон Асқарованинг ҳуқуқий масаладаги мурожаати ўрганилиб, зарур тушунтириш ва амалий ёрдам берилди.
Алишер Навоий маҳалласининг Ўқитувчилар кўчасидаги 33-уйда яшовчи Малика Холматованинг меҳнат муносабатлари ва бандлик билан боғлиқ мурожаати ҳам жойида ўрганилди. Ифтихор маҳалласининг Кашфиёт кўчасидаги 11-уйда яшовчи Маҳбуба Маъмурованинг юрак хасталиги билан боғлиқ мурожаати юзасидан эса тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаниш масаласи назоратга олинди.

Мулоқотлар давомида фуқароларга ҳуқуқий ва амалий маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизлар балансини шакллантириш бўйича олиб борилаётган анкета-сўровномалари жараёни ҳам кўздан кечирилиб, масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Бундай балансни шакллантиришдан асосий мақсад — ҳар бир аёлнинг ижтимоий ҳолати, қизиқиши, қобилияти ва эҳтиёжини аниқ билиш, муаммосини олдиндан кўриш ҳамда унга мос манзилли ечим таклиф этишдир. Чунки бир оила учун моддий кўмак зарур бўлса, бошқасига касб ўрганиш, учинчисига иш топиш, яна бирига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун амалий маслаҳат ва йўл-йўриқ керак бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан қараганда, хонадонбай ишлаш оддий ўрганиш эмас, балки инсон ҳаётидаги ўзгаришларга олиб келиши керак бўлган тизимли жараёндир. Бугунги ёндашувнинг асосий мезони — қанча ёрдам кўрсатилганида эмас, балки бу ёрдам натижасида инсон ҳаётида қандай ўзгариш юз берганида. Хотин-қиз ишли бўлдими, оилада барқарор даромад манбаи пайдо бўлдими, касб ўрганган фуқаро ўз меҳнати билан даромад топиш имкониятига эга бўлдими — хонадонбай ишлашнинг ҳақиқий самараси ана шу натижаларда намоён бўлади. Бу жараён ёшлар билан ишлашда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Туманнинг Марказ маҳалласида “Эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг олдини олиш” мавзусида ташкил этилган учрашувда ёшларга эрта никоҳнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий оқибатлари тушунтирилди. Айниқса, таълимни давом эттириш, касб эгаллаш, мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриш ва келажакда мустаҳкам оила қуриш масалалари ҳақида очиқ мулоқот қилинди.
Мулоқотда ёшларга ўзаро ҳурмат, масъулият, ҳуқуқ ва бурчлар, фарзанд тарбиясига тайёргарлик ҳамда соғлом оилавий муҳит масалалари бўйича тушунчалар берилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. Зеро, ёшларнинг билим ва касбга эга бўлиши, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши нафақат уларнинг шахсий келажаги, балки оила фаровонлиги ва жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлашда бугунги муаммони бартараф этиш билан бирга, эртанги ижтимоий хавфларнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Боёвут туманида мурожаатларни жойида ўрганиш, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаш, уларнинг бандлиги ва даромад манбаларини кенгайтириш имкониятларини излаш, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш ва ҳар бир масаланинг амалий ечимини белгилашга қаратилган ишлар инсон манфаатини таъминлашга қаратилган ягона тизимнинг муҳим бўғинидир. Ҳар бир мурожаатнинг ижобий ҳал этилиши, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши ва кўрсатилаётган ёрдамнинг самарадорлиги Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи томонидан шахсан назоратга олинди.
Энг муҳими, хонадонбай ишлаш орқали муаммонинг оқибати билан эмас, унинг сабаби билан ишлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу эса камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини таъминлаш ҳамда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун мустаҳкам замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, фаровонлик аввало хонадонда шаклланади. Хонадондаги ҳар бир муаммо ўз вақтида аниқланиб, инсоннинг имконияти тўғри йўналтирилса, бир оиланинг эмас, бутун маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий муҳити ўзгаради. Шу маънода, камбағалликни қисқартиришнинг энг тўғри йўли — инсонни қўллаб-қувватлаш, унга имконият яратиш ва ўз меҳнати билан муносиб ҳаёт қуриши учун ишончли шароит яратишдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири