Камбағалликни қисқартириш хонадондан бошланади
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Кармана туманидаги Дўстлик маҳалласида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, аҳоли бандлиги, камбағалликни қисқартириш ва хонадонлар даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ҳар бир инсон учун муносиб даромад манбаини яратишдир. Бу вазифаларни амалга оширишда, аввало, муаммонинг аниқ манзилини билиш, ҳар бир оила ҳолатини чуқур ўрганиш ва умумий ёндашувдан воз кечган ҳолда хонадонбай ишлаш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда Дўстлик маҳалласида 1 040 та оилада 4 015 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда айни пайтда 66 та камбағал оила ва 94 нафар ишсиз фуқаро бор.
Вилоят ҳокими маҳалла еттилиги ва масъул мутасаддилар билан мулоқотда ҳар бир оиланинг ҳолатини алоҳида ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

– Аввало, шу 66 та оила нима сабабдан камбағаллик ҳолатига тушиб қолганини ўрганиб, ҳар бир оилага алоҳида ташхис қўйиб олиш керак. Шундан кейингина уларни камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш мумкин, – деди Нормат Турсунов.
Дарҳақиқат, камбағалликни қисқартириш фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланадиган жараён эмас. Энг муҳими, оиладаги меҳнатга лаёқатли инсонларни иш билан таъминлаш, уларнинг касб ва кўникмаларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорликка жалб этиш, барқарор даромад манбаини шакллантиришдир. Шу нуқтаи назардан, хонадонбай ўрганиш жараёнида ҳар бир оиланинг имконияти ва эҳтиёжига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллада камбағал оилалар таркиби, улардаги меҳнатга лаёқатли аҳоли, мавжуд касб ва кўникмалар, ишлаш истаги, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари инвентаризация қилинмоқда. Ҳар бир хонадон бўйича аниқ маълумотлар шакллантирилиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалий чоралар белгиланмоқда.
Вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган хонадонбай ўрганишлар давомида оила аъзолари билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари тингланди. Айрим оилалар учун ишга жойлашиш, бошқалари учун касб-ҳунар ўрганиш ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бунда ҳар бир хонадоннинг мавжуд салоҳиятини ишга солишга устувор аҳамият берилмоқда.

Бугунги ислоҳотларнинг моҳияти ҳам инсонни тайёр ёрдам кутадиган эмас, ўз меҳнати ва имконияти орқали барқарор даромад топадиган даражага олиб чиқиш. Бунинг учун эса маҳалладаги ҳар бир ишсиз фуқаронинг муаммосини билиш, унинг касби, қизиқиши ва имкониятига мос иш ўрни топиш, зарур ҳолларда касбга қайта тайёрлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш талаб этилади.
Дўстлик маҳалласида йўлга қўйилаётган хонадонбай ишлаш тизими ҳам мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларнинг жойлардаги амалий ифодасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири