Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби камбағалликни қисқартириш борасида ҳам жиддий ислоҳотлар давом этмоқда. Сир эмаc, юртимизда камбағаллик расмий доираларда тилга олинмай, кўп йиллар давомида “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Аммо давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси сабаб бугун бу тушунча расман тилга олиниб, камбағал оилаларни фаровон қилиш, камбағалликка қарши курашиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширила бошланди.
Ушбу йўналишга доир кўплаб қарор ва фармонлар, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури қабул қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яна бир кўриниши бўлди, десак янглишмаган бўламиз.
Давлатимиз раҳбари “Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади”, деганлари бежиз эмас.
Мана шу тадрижий ислоҳотлар давом этиб, жорий йилнинг 8 май санасида Президентимиз томонидан “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга асосан, жойларда тизимли ишлар қилинмоқда. Ушбу ҳужжат орқали мамлакатда камбағалликка қарши курашда янги, аниқ ва адолатли механизмлар жорий этилмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, асосий йўналиш ва мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
Биринчидан, камбағал оилаларни тоифаларга ажратиш ва давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб кўрсатилади;
Иккинчидан, камбағал оилаларга кўрсатиладиган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари такомиллаштирилади ҳамда уларнинг бандлигини чекловчи салбий омиллар бартараф этилади;
Учинчидан, камбағал оилалар фарзандларининг таълим олиши, дам олиши ва соғломлаштирилиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади;
Тўртинчидан, оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси тизимли мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш бандига кўра, 2025 йил 15 майдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга тақсимланади ҳамда уларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб тақдим этилади.
Яъни давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланилади. Энг асосийси эса камбағал оилалар “қизил” ёки “сариқ” тоифадан “яшил” тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддатга сақлаб қолинади. Бу эса ушбу оиланинг ижтимоий аҳволини барқарор ушлаб туришига сабаб бўлади.
Камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули аҳоли бандлиги даражасини оширишдир. Аҳоли учун уларга муносиб ва даромади юқори иш ўринларини яратиш мақсад сари дадил қадам саналади. Бунинг учун жойларда тадбиркорлик, деҳқончилик учун шарт-шароитлар, бизнес учун қулай муҳит -яратиш керак.
Жумладан, ҳозирда Қўқон шаҳрида ҳам республикамизда бўлгани каби камбағалликка қарши курашиш, ушбу тоифадаги оилаларнинг ижтимоий ҳолатини барқарорлаштириш, иш билан банд қилиш, ижтимоий хизматлар кўрсатишда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил бошида Қўқон шаҳри бўйича 4727 та камбағал оила мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 6,6 фоизни ташкил этган эди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича жорий йилда 1658 та оилани (7595 нафар аҳолини) камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражасини 6,6 фоиздан 4,2 фоизга тушириш мақсад қилиб олинган.
Фармонга асосан хонадонларни камбағалликдан чиқаришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга вилоят ҳамда туман даражасидаги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари бириктирилиши таъминланди.
Шаҳардаги 455 та камбағал оила вилоят ва шаҳардаги 91 нафар раҳбар ва уларнинг ўринбосарларига 5 нафардан қилиб бириктирилди. Улар хонадонларга бориб, “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ҳар бир оилага индивидуал режа ишлаб чиқиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб бормоқда.
Раҳбарлар ва ўринбосарлар томонидан ҳар бир камбағал оилани камбағалликдан чиқариш бўйича “индивидуал режаси” ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, ҳозирги кунда (online-mahalla) платформасида 4727 та камбағал оилалар киритилиб, шундан 4127 та (87,3 фоиз) оилаларга индивидуал режалар тузилган.
Ўтган муддат мобайнида 1207 та оилалар (5027 нафар оила аъзолари)га 1529 та хизматлар кўрсатилиб, камбағалликдан чиқаришга эришилди. Бунинг натижасида камбағаллик даражаси 1 июнь ҳолатига кўра, 6,6 фоиздан 1,7 фоизга қисқарди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда —Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қабул қилинган мазкур фармон эса бу йўлдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди дейиш мумкин.
Эркинжон Маҳмудов,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.
ЎзА