Эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ёрдам манзилли ва самарали бўлишига эътибор қаратилмоқда
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “Камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Сенаторлар, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этган тадбирда камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда ушбу йўналишда парламент назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан, аҳоли учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантиришни тақозо этишини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга кўмак кўрсатиш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Хусусан, эҳтиёжманд оилалар тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш орқали уларнинг ижтимоий ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, кўрсатилаётган ёрдамнинг манзилли ва самарали бўлишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли ҳамкорлигида хонадонларнинг ички имкониятлари, жумладан, томорқа хўжалиги, касаначилик ва ҳунармандчилик салоҳияти ўрганилиб, аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш, уларга грант ва имтиёзли кредитлар ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Давра суҳбатида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва парламент назоратини янада кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ҳамда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли ижтимоий фаровонлигини таъминлаш борасида амалий таклифлар билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА