Ер умуммиллий бойлик. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, уни асраб авайлаш аҳоли фаровонлигини оширишда катта аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йилнинг 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди масъул этиб тайинланди.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу вазифаларни сифатли ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ва Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари Тошкент шаҳар туманларига бириктирилиб, масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳ зиммасига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги муаммоларни аниқлаш, батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар судлари судьялари ишчи гуруҳларга бириктирилган масъул шахслар тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, батафсил ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимини топиш юзасидан бевосита бириктирилган ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида уй-жойлар ва ерга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштиришда юзага келган муаммолар юзасидан фуқаролар билан шахсан учрашувлар ўтказилиб, ҳужжатлар кўздан кечирилди ҳамда тегишли тушунтиришлар олиб борилди.
Амалий ишлар натижасига кўра, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.
Икром Аввалбоев, ЎзА