Бугунги кунда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳам юртдошларимизнинг соҳага оид мурожаатлари ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида бошқарма бошлиқлари томонидан маҳаллабай ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг кадастрга оид мурожаатларини жойида ўрганиш, уларга керакли ҳуқуқий ёрдам бериш учун белгиланган режа-график асосида сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Муҳим жиҳати, сайёр қабул ўтказиладиган манзил ва унда иштирок этадиган мутасаддилар ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилиб, аҳолининг хабардорлиги таъминланяпти.
Навбатдаги очиқ мулоқот Яккасарой туманида ташкил қилинди. Сайёр қабул аввалида бошқарма бошлиқлари Б.Ташходжаев ҳамда Ж.Каримовлар томонидан соҳага оид қонунчиликдаги ўзгаришлар ва фуқароларга яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қабулда Яккасарой ва Миробод туманлари аҳолисининг ҳар бир мурожаатини ҳал этиш чоралари изланди.
–Йигирмага яқин фуқароларни бирма-бир қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглаяпмиз, – деди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Жасурбек Каримов. – Зарурат туғилса, ходимлар томонидан масалага аниқлик киритиш учун жойига чиқиб ҳам ўрганиш олиб борилади. Қабулларда асосан фуқаролар томонидан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос масалаларида саволлар кўп келиб тушади. Ҳар мурожаат юзасидан мурожаатчига керакли тушунтириш берилади. Бундан ташқари аҳолига янада қулай бўлиши учун маҳаллалар кесимида ҳам улар билан мулоқот қиляпмиз. Яъни, бунда фуқароларнинг идорага келишини кутиб ўтирмай, уларнинг олдига ўзимиз боряпмиз. Керак бўлса, уйма-уй юриб ҳамюртларимизнинг кадастр масалаларига ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз аҳолига янада яқин бўлиб, уларнинг мушкулини осон қилиш.
Ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, мерос ва шу каби масалалар бўйича мурожаатлари кўриб чиқилди. Аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Ўрганилиши вақт талаб этадиган масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Дарҳақиқат, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар, аҳоли вакиллари билан мутасадди раҳбарларнинг учрашувлари бугун яхши анъанага айланди. Халқ билан мулоқотнинг бу кўриниши давлат идоралари ва аҳолини бир-бирига яқинлаштириб, ўртадаги ишончни янада мустаҳкамлайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА