Кадастр агентлиги ва Божхона қўмитаси ўртасида рақамлаштириш бўйича тажриба алмашилди
Илғор тажриба алмашинуви ва рақамли технологияларни жорий этиш соҳалар ривожида муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда давлат бошқаруви тизимида самарадорликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда бошқарув жараёнларини замон талаблари асосида такомиллаштиришда идоралараро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бу борада янги имкониятларни юзага чиқармоқда. Шу нуқтаи назардан, Кадастр агентлиги директори ўринбосари М.Мирмақсудов бошчилигидаги Агентлик марказий аппарати ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига ташрифи ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ташриф доирасида кадастр соҳаси вакиллари божхона органлари фаолиятининг устувор йўналишлари, бошқарув жараёнларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мулоқот жараёнида маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, идоралараро ахборот алмашинувини такомиллаштириш, ахборот тизимлари самарадорлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сунъий интеллект асосидаги замонавий ечимларни амалиётга жорий этиш бўйича тўпланган тажрибалар муҳокама қилинди. Учрашув давомида илғор иш тажрибаларини ўрганиш, уларни тегишли йўналишларда татбиқ этиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот якунида икки идора ўртасида ўзаро тажриба ва илғор амалиётларни алмашиш, истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда соҳаларда рақамли ечимларни кенг жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай амалий учрашувлар давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бошқарувнинг замонавий усулларини оммалаштириш ва рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Энг муҳими, тўпланган илғор тажрибаларни ўзаро татбиқ этиш орқали кадастр соҳасида хизматлар сифати ва бошқарув самарадорлигини янада ошириш учун замин яратилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА