Божхона соҳасида рақамли ҳамкорлик янги босқичда
Корея Республикаси Божхона UNI-PASS халқаро агентлиги (CUPIA) экспертлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки томонлама учрашувлар ва тажриба алмашув тадбирлари бўлиб ўтди.
Ушбу мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Корея Республикаси божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажрибани миллий тизимга татбиқ этиш ҳамда назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон божхона органларида қўлланилаётган хавфларни бошқариш тизими, назорат жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация инфратузилмаси ва мавжуд маълумотлар базаларининг имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, кореялик экспертлар ўз мамлакатларининг илғор амалиёти билан ўртоқлашиб, “катта маълумотлар” (Big Data) асосида божхона маъмуриятчилигини ривожлантириш, ягона маълумотлар омборини шакллантириш, сунъий интеллект ёрдамида хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек, интеграциялашган бошқарув тизимлари бўйича тақдимотлар ўтказди.
Айниқса, сунъий интеллект имкониятларини жорий этиш, маълумотларни комплекс таҳлил қилиш ва эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлашга қаратилган технологик ечимлар икки томон мутахассислари учун муҳим тажриба майдонига айланди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА