Олий суд тизимидаги матбуот котиблари учун ўтказилган семинарда шу каби масалаларга эътибор қаратилди.
“Оммавий ахборот воситаларида судлар фаолиятини ёритишдаги янги трендлар” мавзусига бағишланган семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантлари (матбуот котиблари) иштирок этди.
АОКА, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ист-Вест менежмент институти Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси кўмагида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнлари давом этаётганига эътибор қаратилди.
Суд журналистикаси ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш бўйича мақсадли чора-тадбирлар қабул қилинди.
Жумладан, 2020 йил 24 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантлар иш бошлади.
Семинарда қонунчилик асосида ОАВ вакиллари ва блогерлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳақида сўз юритилди. Хусусан, судлов моҳиятини очиб беришга қаратилган ҳамда судлар фаолияти ҳақидаги бошқа ахборот материаллари сифатини ошириш, бу йўналишда илғор хорижий тажрибани ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
[gallery-9438]
Суд маълумотлари билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятларини ўргатиш, судлар фаолиятига тааллуқли, шу жумладан, танқидий руҳдаги материаллар бўйича журналистлар ва аҳоли билан ўзаро фикр алмашиш юзасидан ишларни ташкил этишнинг аҳамиятли жиҳатлари бўйича фикр алмашилди.
Семинарда танқидий материалларга муносабат билдириш, АҚШ судлари матбуот котибларининг ҳар йиллик анжумани (CCPIO 2022) натижалари, судлар матбуот котиблари фаолиятида рақамли коммуникацияларнинг ўрни ва Ўзбекистон медиасегментининг судлар фаолиятини ёритишдаги гендер муносабатлар талқини каби мавзулар бўйича йиғилганларга кенг маълумот берилди.
Судлар ва оммавий ахборот воситалари: инқирозга қарши алоқа, шов-шувли суд ишларини ёритиш шароитида низоли вазиятларнинг олдини олиш, журналистиканинг “ёзилмаган” қонунлари: журналист нимани кўради ва эшитади, у ахборотни қандай тушунади ва талқин этади, «журналистларнинг “ноқулай” саволларига қандай жавоб бериш лозим» каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Бундай вазиятларда, албатта, қонун доирасида, вазиятга холис ёндашган ҳолда иш тутиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида “Судлар ва оммавий ахборот воситалари: савол ва жавоб” рисоласи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Стратегик коммуникациялар бўйича режа лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА