Жиноят судларида 79 минг нафарга яқин шахсга оид ишлар кўриб чиқилди: уларга қандай жазолар тайинланди?
Жиноят ишлари бўйича судлар – Ўзбекистон Республикаси суд тизимида одил судловни амалга оширувчи, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи мустақил давлат органлари.
Улар ўз фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди, фуқароларнинг Конституция ва халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини суд орқали ҳимоя қилади. Жиноят содир этган шахсларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш ва айбсиз шахсларни оқлаш орқали ижтимоий адолатни қарор топтиради.
Жиноят ишлари бўйича судлар ўз ваколатлари доирасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлардан тортиб, ўта оғир жиноятларгача бўлган барча ишларни биринчи, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўриб чиқади.
Қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб, тегишли қарорлар қабул қилади. Тергов жараёнида қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, муддатларни узайтириш ва тинтув ўтказиш каби масалалар юзасидан суд назоратини олиб боради. Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш ёки судланганликни олиб ташлаш каби ишларни ҳал қилади.
Қонунчиликда белгиланган ушбу меъёрлар доирасида мамлакатимиз жиноят судлари самарали фаолият юритмоқда. 2026 йилнинг 9 ойи давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 78 минг 739 нафар шахсга нисбатан 64 минг 902 та жиноят иши кўриб чиқилди. 385 нафар шахс (шундан 161 нафар қатағон қурбони) оқланиб, реабилитация қилинди. Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.
– Судланган шахслар сони 57 минг 376 нафарни ташкил этиб, шундан 18 минг 26 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 38 минг 737 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 613 нафар шахс шартли ҳукм қилинди, – дейди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Судланган шахсларнинг 50 минг 435 нафари эркак, 6 минг 941 нафари аёл, 21 минг 670 нафари ёшлар (шу жумладан, 2 минг 97 нафари вояга етмаган) ва 2 минг 52 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир.

6 минг 377 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди. 13 минг 938 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
47 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. 26 минг 794 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 8 минг 761 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жиноят ишларининг аксариятини ўғрилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар ташкил этди.
Фирибгарлик, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлар ҳам кўпроқ қайд этилди.
Жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 34 минг 325 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилди. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 18 минг 844 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Юқори инстанция судларида кўрилган ишлар таҳлилига кўра, апелляция тартибида 8 минг 659 нафар шахсга нисбатан 6 минг 509 та жиноят иши кўриб чиқилди. Натижада 314 нафар шахсга оид биринчи инстанция қарорлари бекор қилиниб, 1 минг 830 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилди.
Кассация тартибида 5 минг 60 нафар шахсга нисбатан 4 минг 504 та жиноят иши кўрилди. Уларнинг 354 нафарига нисбатан биринчи инстанция қарорлари бекор қилинди, 1 минг 188 нафар шахсга оид суд қарорлари эса ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 4 минг 576 нафар шахсга нисбатан 3 минг 931 та жиноят иши кўриб чиқилиб, 114 нафар шахсга оид қуйи суд қарорлари бекор қилинди ва 492 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилди.
Олий суд судлов ҳайъатида (тафтиш тартибида) 646 нафар шахсга нисбатан 567 та жиноят иши кўрилди. Шундан 95 нафар шахсга оид қуйи суд қарорлари бекор қилиниб, 188 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА