Журналистлар олийгоҳ фаолияти билан танишди
Хоразм вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳамда Урганч давлат педагогика институти ҳамкорлигида институт фаолиятига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
2022 йил 21 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 289-сонли қарори билан ташкил этилган Урганч давлат педагогика институти шу йили ўзининг 4 йиллик фаолиятини нишонламоқда.
Ўтган давр мобайнида институтда илмий, ўқув, маънавий-маърифий ҳамда молия-хўжалик йўналишларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиб, бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунда УрДПИда 9 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар институтнинг янги ўқув биноси, талабалар турар жойи ҳамда таълим олиш ва яшаш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, журналистларга институтда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар, замонавий таълим технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, талабаларнинг билим олиши, илмий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири