Фарғоналиклар Гонконгдаги «Food for Good 2026» да
2026 йилда Фарғона вилояти экспорт кўрсаткичи 2 млрд долларга ошиши режалаштирилган. Вилоятга олиб кириладиган хорижий инвестиция эса 4,5 млрд долларга етиши лозим. Бунинг учун 1424 та янги лойиҳа ишга тушиши ва 52 мингта янги иш ўрни яратиш зарур. Рақамлар ҳаётда аксини топиши учун вилоят бошқаруви тадбирлари дунё кезмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлар сафи кенгайиши учун уларга Ўзбекистоннинг инвестицион муҳити ва маҳсулотлари сифатига ишонч, молиявий муносабатларда қонун устуворлигига кафолат мавжудлиги тарғиб қилинмоқда. Ана шу мақсадда Фарғона вилояти делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудудида ўтказилган «Food for Good 2026» хайрия тадбирида иштирок этди.

«Food for Good» ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган тадбир ресурслардан оқилона фойдаланиш ғояларини тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Фарғона вилоятининг экспорт ва туризм салоҳиятини таништириш ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этишга бағишланган кўргазма ҳам ўрин олди. Шунингдек, ўзбек маданият кечаси ўтказилди.

Фарғона делегациясининг тадбирдаги иштироки вилоят имкониятларини Гонконг ишбилармон доираларига таништириш ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Мухаммаджон Обидов, ЎзА