Хоразмда “Ishonch” кунлари
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгашида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририят муҳаррирлари билан ижодий мулоқот ташкил этилди.
Ижодий мулоқотда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Жаҳонгир Наҳанов, таҳририят бўлим муҳаррири Алижон Абдураҳмонов, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова ва бошқалар сўзга чиқди.
Улар газеталар касаба уюшмалари фаолиятини ёритиш билан бирга, жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни кенг жамоатчиликка етказишда ҳам муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Мулоқот давомида таҳририятнинг бугунги фаолияти, газеталарнинг мазмун-мундарижасини бойитиш, материалларнинг ўқишлилиги ва таъсирчанлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, таҳририятдаги конвергенлашув жараёнлари, босма нашрлар билан бир қаторда рақамли платформалар имкониятларидан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибалар эътироф қилинди.
– Бугун ахборотга бўлган эҳтиёж ниҳоятда катта, – деди федерациянинг Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов. – Ахборот тарқатиш воситалари ҳам кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда ишончли ахборот билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари ва унинг электрон нашри бугун мамлакатимиздаги энг ишончли ахборот тарқатувчилардан бири сифатида ўз ўрнига эга. Хоразмлик мухлислар газетанинг ҳар бир сонини қизиқиш билан мутолаа қилиб боришларини шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиман.
Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги ушбу нашрда меҳнатга доир муносабатлар билан бирга маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ҳам кенг танқидий таҳлил қилинаётгани ҳам таъкидланди.

– 1991 йил 21 мартдан чоп қилина бошлаган “Ishonch” бугунги кунда конверген таҳририятга айланган, – дейди таҳририят бўлим муҳаррири Алижон Абдураҳмонов. – Бугун “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” жамоаси янги-янги ғоялар устида изланмоқда. Асосий мақсади миллий контент яратиш ва уни ривожлантиришдир. Таҳририят ахборот етказишнинг турли усулларини қўллаш орқали ўз ўқувчилари сонини кўпайтиришга интилмоқда. 120 мингдан зиёд доимий кузатувчиларига эга «Ishonch.uz» телеграм канали,100 мингдан зиёд доимий кузатувчиларига эга инстаграм ва фейсбукдаги саҳифалар ва 70 минглик аудиторияга эга «YouTube»даги саҳифаси ҳам жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. Мана тўққиз йилдирки, газета саҳифаларида чоп қилинган энг сара мақолалар китоб ҳолида чоп қилиниб келинмоқда. Бу йил ҳам "Тўққизинчи сайёра" китоби кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. “Ishonch” газетаси ташкил қилинганининг 35 йиллиги кенг нишонланди.

Тадбирда касаба уюшма фаоллари, жамоатчилик вакилларининг севимли нашр ҳақида айтар сўзлари, таклифлари кўп бўлди. Газета ва унинг электрон нашрларини янада бойитиш бўйича ўз таклифларини илгари сурдилар.

Шунингдек, тадбирда газета фаолиятига бағишланган викторина ҳам ташкил қилинди. Иштирокчилар нашр тарихи ва фаолиятига оид синовда фаол иштирок этдилар. Ғолиблар таҳририят томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири