Журналистлар майдонда
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида Жиззах шаҳар ҳокими кубоги учун мини-футбол бўйича очиқ мусобақа ўтказилди.
Майдонга ҳаваскор футболчилар тушган бўлса-да, баҳсларда ҳаваскорликка хос бўшлик сезилмади. Аксинча, ҳар бир учрашувда ғалабага интилиш, жамоавий ҳаракат ва спортга хос муросасизлик намоён бўлди. Томошабинлар эса майдондаги қизғин лаҳзалар, чиройли узатмалар ва кескин ҳужумларни қизиқиш билан кузатдилар.
Турнирда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимларидан ташкил топган жамоалар ғолиблик учун куч синашди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Жиззах вилоят телерадио канали ҳамда “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталари таҳририяти жамоалари майдонга тушди. Қизғин кечган учрашувда газетачи журналистларнинг қўли баланд келиб, улар бронза медалига сазовор бўлди.
Биринчи ўрин учун кечган финалда Жиззах шаҳар телеканали ҳамда Сирдарё вилоят телерадио канали ходимларидан ташкил топган жамоалар тўқнашди. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди. Ғолибни аниқлаш учун белгиланган пенальтилар сериясида сирдарёлик журналистлар аниқроқ ҳаракат қилиб, ғалабани илиб кетди. Шу тариқа Жиззах шаҳар ҳокими кубоги Сирдарё вилоят телерадио канали жамоасига насиб этди.
[gallery-31404]
Аслида, спортнинг қадри фақат натижа ёки соврин билан ўлчанмайди. У инсонни интизомга, шеригини ҳис қилишга, бир мақсад сари елкадош бўлиб ҳаракат қилишга ўргатади. Айниқса, журналистлар учун бу фазилатлар касбий ҳаётда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ахборот майдонидаги яхши натижа ҳам кўпинча жамоавий меҳнат, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик самарасидир.
Тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими Комилжон Холмуродов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф ғолиб ва совриндорларни қутлади.
Ғолиб ва совриндорларга Жиззах шаҳар ҳокими ҳамда Жиззах вилоят спорт бошқармасининг кубоги, медаллар ва эсдалик совғалари топширилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари