Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда журналист ва блогерлар, матбуот котиблари иштирокида бир қатор танлов ва спорт мусобақалари, маданий тадбирлар уюштирилди.
Жумладан, Пастдарғом тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда мазкур туманда “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда футбол мусобақаси ташкил этилди.
– Касб байрамимиз арафасида соҳа вакилларини бир жойда жамлаб бу каби танлов ва мусобақаларнинг ўтказилиши, аввало, ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров. – Қолаверса, ўзимиз айтаётган, ёзаётган фикрларимизга ўзимиз амал қилаётганимизни кўрсатиб, китобхонлик ва маърифатни, оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб этяпмиз. Энг муҳими, ҳамкасбларимиз бир-бирлари билан ўзаро фикр, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-24048]
“Заковат”чилар баҳсида газеталар мухбирларидан иборат "Газета ўқинг!” жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Футбол беллашувларида республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, босма нашрлар, ахборот хизматлари ҳамда телевидение жамоалари майдонга тушда. Муросасиз беллашувларда ахборот хизматлари ходимлари жамоаси ғолиб бўлди.
Вилоят солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган стол тенниси ва бадминтон мусобақаларида ҳам ижодкорлар касб фаолиятидан ортиб, спорт билан ҳам шуғулланишга вақт топаётганлигини намоён этди. Ушбу тадбирда ҳам энг яхши натижа қайд этган журналист ва блогерлар, матбуот котиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси соврини учун вилоят матбуот уйида ўтказилган шахмат ва шашка бўйича мусобақаларда ёш ходимлар билан бирга фахрийлар иштирок этиб, “ақл гимнастикаси”да шогирдларига ўзига хос маҳорат сабоқларини ўтиб беришди.
– Ёш шахматчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришаётган юксак натижалари, янги номларнинг кашф этилаётгани туфайли бугун шахмат юртимиздаги энг оммабоп спорт турларидан бирига айланди, – дейди “Овози тожик” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири Зоҳир Ҳасанзода. – Шунинг учун байрам ва муҳим саналарда ижодкорлар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилиши ҳам анъанага айланиб қолди. Тадбир баҳонасида дўстлар билан учрашяпмиз, ёш ижодкорларга ўз тажрибаларимиз ҳақида гапириб беряпмиз. Яхши шахмат ўйнаган журналист касбий фаолиятида ҳам мураккаб вазиятлардан қандай чиқиб кетишни пухта ўзлаштириб олади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари