Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Россия Федерациясининг Тверь вилоятида жойлашган Калинин атом электр станциясига пресс-тур ташкил этилди.
Жаҳон атом ҳафталиги доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Бразилия, Вьетнам, Малайзия, Индонезия ва Мьянма мамлакатларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пресс-тур давомида мутахассислар Калинин АЭСнинг иш фаолияти, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари ва таъминот имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унда таъкидланганидек, Калинин атом электр станцияси Россиядаги Марказий ягона энергетика тизимининг энг йирик объекти ҳисобланади. Унинг 4 та энергоблоки мавжуд бўлиб, жами қуввати 4000 мегаваттни ташкил этади. Станция Тверь, Москва, Ленинград вилоятлари ва бир қатор йирик ҳудудларни электр энергияси билан таъминлайди.
АЭС майдони Удомля кўлининг жанубий соҳилида жойлашган ва 287 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. Бугунги кунда Тверь вилояти энергетика балансининг 80 фоизи айнан Калинин АЭС ҳиссасига тўғри келади.
Станция мутахассиси Александр Шенбергернинг маълум қилишича, ушбу атом иншоотида "ВВЭР-1000" туридаги реактор қурилмалари қўлланилади. Ушбу реакторлар самарадорлиги ва хавфсизлиги билан ажралиб туради.
Шунингдек, Калинин атом электр станцияси ортиқча энергия ишлаб чиқариладиган ҳудудларни энергия танқис ҳудудлар билан боғлайди ва Россиянинг атом энергетикасида муҳим ўрин тутади.
– Станция фаолиятида ҳар бир қурилма муҳим ҳисобланади. Масалан, конденсацион турбина электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. У билан бирга қўшимча жиҳозлар ҳам ишлайди.
Станцияда “Силовые машины” томонидан ишлаб чиқарилган КА-1000-60-3000 маркали турбина ўрнатилган. Бу 1000 - қувват, яъни 1000 мегаватт. 60 – буғнинг кириш босими ва 3000 – турбина минутига айланишлар сони демак.
Бундай турбиналар тез айланувчи машиналар ҳисобланади. Илк навбатда эса 1500 айланишли турбина қўйилган эди. Бу эса Россияда ишга туширилган биринчи тез айланувчи турбинадир. Унинг ўзига хослиги синтетик мой ишлатилишидадир.
Генератор эса ТВВ-1000-2У3 деб аталади. У сув ва водород билан совутилади. Бу ердаги барча жиҳозлар Россияда ишлаб чиқарилган. Айтганимдек, бундай қурилмалар станция иши учун муҳимдир, – деди Александр Шенбергер.
Калинин атом электр станцияси эксплуатация бўйича бош муҳандиси ўринбосари Евгений Голубев қайд этганидек, иншоотдаги совутиш минорасининг баландлиги 150 метр, кенглиги 10 минг квадрат метрни ташкил этади.
[gallery-25436]
– Станциямизда улардан 4 таси ўрнатилган. Совутиш миноралари станция иши натижасидаги иссиқлик юкини кўлга туширмаслик учун хизмат қилади. Ўртача ҳисобда ҳароратни 10 градусга пасайтиради. Масалан, киришда ҳарорат 30 градус бўлса, чиқишда 20 градус бўлади. Лойиҳа бўйича, 4 та совутиш минора энергоблокларимизнинг тўлиқ компенсацияси учун етарли. Удомля табиий кўл ҳисобланади ва унда балиқлар ҳам етиштирилади. Шунинг учун ҳароратга талаб қўйилади: сув қизиб кетмаслиги ва балиқлар нобуд бўлмаслиги керак. Шу сабабдан бундай қурилмалар ўрнатилган.
Таъкидлаганимдек, миноранинг баландлиги 150 метр. Бу ҳаво ҳаракатини таъминлаш учун зарур. Сув эса 15 метр баландликка чиқарилади ва шу ердан пастга оқиб тушади. Бу вақтда у юқорига кўтарилаётган ҳаво билан совийди ва ҳарорати тахминан 10 градусга пасаяди. Совутиш минораси шу тарзда ишлайди, – деди Е.Голубев.
Шунингдек, пресс-тур доирасида мутахассислар учрашуви ўтказилди. Сўнгра иштирокчилар станциянинг ахборот ва маълумотлар қайта ишлаш марказларида бўлиб, бу ердаги жараёнлар билан танишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/guvEESZz4TA" title="Jurnalistlar Kalinin atom elektr stansiyasi faoliyati bilan tanishdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Муқимжон Қодиров (видео-сурат), ЎзА
Россия Федерацияси, Москва шаҳри