Журналистлар IT таълимидаги янги имкониятлар билан танишди
Пойтахтимиздаги «School 21» рақамли технологиялар мактаби кампусида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда мактабнинг илк карьера ҳисоботи тақдим қилиниб, Тошкент ва Самарқанд кампуслари талабаларининг амалиёт натижалари, ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар ҳамда битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
«School 21» рақамли технологиялар ва ахборот технологиялари соҳасидаги касбларни бепул ўргатишга ихтисослашган таълим муассасасидир. Бу ерда анъанавий маърузалар, ўқитувчилар ва одатий баҳолаш тизимига асосланган таълимдан фарқли равишда, “Тенгдош – тенгдошга” тамойили қўлланилади. Иштирокчилар якка тартибда ва жамоа бўлиб лойиҳалар устида ишлайди, ўзаро тажриба алмашади, муаммоларга мустақил ечим топиш кўникмаларини шакллантиради.
Мактабга қабул жараёнида номзодлардан аввалги иш тажрибаси, дастурлаш соҳасидаги билими ёки диплом талаб этилмайди. Иштирокчиларнинг 50 фоиздан ортиғи айнан шу ерда дастурлаш бўйича илк тажрибасини орттирмоқда.
Тақдим этилган ҳисоботга кўра, мактаб ташкил этилганидан буён Тошкент ва Самарқанд кампусларида таҳсил олиш истагида 140 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. 15 мингдан зиёд номзод саралашнинг интенсив босқичида қатнашган. Улардан 3 минг 600 нафардан ортиғи асосий таълимга қабул қилинган.
Шу вақтга қадар икки кампуснинг 550 нафардан зиёд таълим иштирокчилари амалиёт ўташ имкониятига эга бўлган. Уларнинг 251 нафари айни пайтда амалиёт жараёнида иштирок этмоқда. Тошкент кампуси иштирокчилари билан ҳамкорлик қилган ташкилотлар сони эса 169 тага етган.
«School 21» ижрочи директори Зарина Лухманованинг таъкидлашича, амалиёт таълим дастурининг мажбурий босқичи ҳисобланади. Ўқувчилар олган билим ва кўникмаларини иш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий тажриба орттиргандан кейингина битирув босқичига ўтиши мумкин. Бундай ёндашув таълимни меҳнат бозори талаблари билан узвий боғлашга хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар Тошкент ва Самарқанд кампусларини 167 нафар иштирокчи тамомлаган. Уларга малака ошириш ёки қайта тайёрлаш тўғрисидаги давлат намунасидаги дипломлар берилган.
Карьера ҳисоботи маълумотларига кўра, иштирокчилар асосий таълимни бошлаганидан амалиётга чиққунига қадар ўртача тўққиз ойга яқин вақт сарфлайди. Амалиёт давомийлиги эса уч ойни ташкил этади.
Тошкент кампуси талабалари ахборот технологиялари компаниялари, банк-молия ва молиявий технологиялар соҳаси, давлат идоралари, телекоммуникация ҳамда компьютер ўйинларини яратиш йўналишларида амалий тажриба орттирмоқда.
Жумладан, EPAM Systems, Vention, TBC Bank, Payme, Beeline, Uzum, Click, Paynet, IT Park, Uzinfocom, InfinBank, Uzcosmos, Realsoft, DECA Games, HWG Sababa, Alif, Japan Digital University ва Agrobank каби ташкилотлар талабаларни амалиётга қабул қилган.
Мазкур ҳамкорлик ёшларга ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш, жамоавий муҳитга мослашиш, касбий кўникмаларини амалда синовдан ўтказиш ва келгусида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур давомида журналистлар мактаб иштирокчилари ва битирувчиларининг ҳаётий тажрибалари билан ҳам танишди. Улар таълим муассасасига келгунга қадар қайси соҳаларда фаолият юритгани, ўқиш жараёнида дуч келган қийинчиликлари ва бугунги касбий фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Мактаб битирувчиларидан бири, 24 ёшли Тимур Жалилов «School 21» ҳақида меҳмонхонада ишлаб юрган кезларида хабар топган. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, асосий таълимга қабул қилинган ва иш фаолиятини давом эттирган ҳолда лойиҳалар устида ишлашни бошлаган.
– Бу ерда ўқитувчи ва менторларнинг йўқлиги дастлаб мени бироз ажаблантирди, - дейди Тимур Жалилов. – Бироқ “Тенгдош – тенгдошга” тамойилига асосланган таълим жараёнида мустақил изланиш ва жамоа билан ишлашни ўргандим. Бу менга ўз олдимга аниқ мақсад қўйиш ва касбий жиҳатдан ривожланиш учун кучли туртки бўлди.
Унинг айтишича, асосий таълим даврида тинимсиз меҳнат қилишга тўғри келган. Лойиҳаларни белгиланган муддатда якунлаш учун баъзан тунги соат уч-тўртгача ишлаган пайтлари ҳам бўлган.
Бугун Тимур Жалилов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида фаолият юритмоқда.
Айни пайтда мактабда 15 та таълим йўналиши мавжуд. Иштирокчилар Backend, Frontend, Mobile, GameDev, Data Science, QA, DevOps, киберхавфсизлик, UX/UI-дизайн, бизнес ва тизим таҳлили, лойиҳа ҳамда маҳсулотларни бошқариш каби йўналишларда замонавий билим ва амалий кўникмаларни эгалламоқда.
[gallery-32444]
Пресс-турда тақдим этилган маълумотлар ва битирувчиларнинг ҳаётий мисоллари замонавий IT таълимида назарий билимлар билан бир қаторда амалий тажриба ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Хусусан, ўқувчиларнинг кўплаб ташкилотларда амалиёт ўтаётгани, айрим ёшларнинг эса ўқиш давридаёқ меҳнат фаолиятини бошлагани таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаларидан далолат беради.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT хизматлари экспортини кенгайтириш ва малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришда бундай таълим ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга.
Пресс-тур оммавий ахборот воситалари вакилларига мактабнинг ўзига хос таълим тизими, талабаларнинг амалий тайёргарлиги, ҳамкор ташкилотлар билан алоқалари ҳамда битирувчиларнинг касбий фаолияти билан бевосита танишиш имконини берди.
Камола ЮСУПОВА,
Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат), ЎзА