Рақамли технологиялар мактабига пресс-тур
Бугунги шиддатли рақамлаштириш замонида рақамли технологиялар бўйича мутахассисларга талаб ўсиб бормоқда.
Айни пайтда ҳар жабҳада рақамли технолгогиялар хизматига эҳтиёж туғилади. Шундай экан, соҳани янада ривожлантириш замон талаби ҳисобланади. Бунинг учун, албатта, етук мутахассислар зарур. School 21 рақамли технологиялар мактаби айни муаммога мукаммал ечим, дейиш мумкин.
Мактабга уюштирилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан танишди.
Самарқандда 2023 йилнинг декабрь ойида ташкил қилинган School 21 мактабида IT соҳасига қизиқувчи юртдошларимиз билан бирга қўшни мамлакатларнинг ҳам 18 ёшдан ошган фуқаролари келажак касбини бепул ўрганишлари мумкин.
– Келажак IT билан эканлиги ҳеч кимга сир эмас, – дейди School 21 мактаби директори Зарина Лухманова. – Шу боис Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан мазкур лойиҳа амалга оширилмоқда. Мақсад юртимиз ривожи учун зарур бўлган IT мутахассисларини тайёрлашдан иборат. Бизда белгиланган тартиб бўйича дастлабки синов босқичларидан ўтган тингловчилар асосий таълим давомида C, C++, Java, Python, Go, SQL каби IT тилларни ўрганишади. Шунингдек, DevOps воситалари билан танишиши, DT архитектураси, мобил ишланмалар ва IT соҳасидаги бошқа йўналишлар билан шуғулланиши мумкин. Мактабда ўқиш учун бу йўналишда билим, иш тажрибаси, дастурлаш қобилияти ёки диплом мавжудлигининг аҳамияти йўқ. Лойиҳада иштирок этмоқчи бўлганларда хоҳиш бўлса кифоя. Айни пайтгача лойиҳа қатнашчиларининг 50 фоиздан ортиғи учун бу биринчи дастурлаш тажрибаси бўлди.
Мактабда таълим олишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири хоҳловчиларга асосий фаолиятлари, яъни ўқиш, иш ва бошқа юмушлардан бўш вақтларида иштирок этиш имконияти яратилганлигидир. Кампуслар 24/7 режимида фаолият юритади.
Ҳар бир иштирокчи ўз мақсадларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал таълим йўлини яратади. Мактабда backend, frontend, мобил ишлаб чиқиш, GameDev каби ишлаб чиқариш йўналишлари мавжуд. Шунингдек, код ёзиш талаб қилинмайдиган бешта янги йўналиш, яъни киберхавфсизлик, Data Science, тизим ва бизнес таҳлили, DevOps ва юкланган хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда дастурий таъминотни синовдан ўтказиш (QA) ташкил қилинган. Бевосита IT соҳасида фаолият юритаётганлар учун тезлаштирилган курслар ҳам мавжуд. Асосий таълим иштирокчиларнинг қобилияти, салоҳияти, ўзлаштириш даражасига қараб бир ярим йилдан уч йилгача давом этади. Буни уларнинг ўзи белгилайди.
Мактаб фаолияти билан танишиш асносида дарс жараёнига, яъни ўқитувчининг ўқувчига ўргатаётганига гувоҳ бўлмадик. Бу мактабнинг бошқалардан фарқли жиҳатларидан бири ҳам шунда – “School 21”да мураббийлар, маърузалар ёки баҳолаш йўқ. Мактабда амалий лойиҳалар устида индивидуал ёки жамоавий иш олиб бориладиган “тенгдош тенгдошга” таълим услуби жорий қилинган. Ўқув жараёни рақамли таълим платформасида ўтказилади. Бу ўйин механикасига асосланган технологик маҳсулот бўлиб, мактаб методологиясини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳамда таълим дастурларини ҳозирги бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда тезда мослаштиришга имкон беради.
[gallery-21307]
– Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг 2-босқич талабасиман, – дейди самарқандлик Машраб Тўйчиев. – Мактаб ташкил қилинган пайтдаёқ биринчилардан бўлиб тингловчилар сафига қўшилганман. Бугунги кунда соҳани ўзлаштириш борасида ўнинчи босқичдаман. Тўғри, бошида қийин бўлган. Ташлаб кетиш фикри ҳам туғилган. Аммо келажак ушбу соҳа билан чамбарчас боғлиқ эканини ўйлаб, ўрганишни давом эттирдим. Натижа кутганимдан ҳам аъло бўлди. Бир йил ичида ўрганиш баробарида қатор лойиҳалар устида ишлаб, минг АҚШ доллари атрофида даромад қилишга ҳам эришдим. IT мутахассислари бугун иш изламайди, иш уларни излаб келади. Шунинг учун яратилган имкониятдан самарали фойдаланиш ва келажак учун мустаҳкам пойдевор яратиш керак, деб ўйлайман. Келгусида ўқиш ва ўрганишни давом эттириб, сунъий интеллект йўналишида ишлашни мақсад қилганман.
Ҳар бир соҳада рақамлаштириш жараёни изчил давом этаётган айни пайтда соҳани ўрганиш барча учун зарур. Шунинг учун мактабда рақамли технологияларни ўрганаётган тингловчилар орасида турли соҳа вакиллари мавжуд. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳам School 21 фаолияти йўлга қўйилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари