Марказий банкнинг нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳида қайд этилишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида банк карталарига кирим қилинган маблағлар миқдори 740 трлн. cўмни ташкил қилиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошган.
Мазкур ҳолат муомаладаги нақд пулларнинг йил бошига нисбатан 16 фоизга ошгани ҳолда, аҳолининг даромадлари кўпайиши ва харид қобилиятининг ўсиши ҳисобига юзага келди.
Банк карталари эгалари ушбу даврда карталаридаги 167 трлн. сўм пул маблағларини нақдлаштириб олган бўлиб, шундан, 140 трлн. сўми банкоматлар орқали ечилган.
Банк карталарга келиб тушган маблағларнинг нақдлаштириб олиниши улуши йилдан йилга камайиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич, 2022 йилда 27,4 фоизни, 2023 йилда 24,4 фоизни, 2024 йилда 22,6 фоизни ташкил қилган.
Марказий банк томонидан иқтисодиётни зарур миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш ҳамда ортиқча нақд пулларни муомаладан қайтариб олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2024 йил январь-сентябрь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 727 трлн. сўмни (нақд пул тушумлари – 360 трлн. сўм, берилган нақд пуллар – 367 трлн. сўм) ташкил этгани ҳолда, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ошди.
Жумладан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66 трлн. сўмга ёки 23 фоизга ўсди.
Банк хизматларидан нақд пул тушумлари 23 трлн. сўмга, савдо тушумлари 19 трлн. сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 13 трлн. сўмга ошди.
Баҳор-ёз мавсумларида иқтисодий фаолликнинг ўсиши ҳисобига нақд пулга талабнинг ошиши Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пуллар чиқарилишини тақозо этди. Жумладан, Марказий банк томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида муомалага қўшимча 8 трлн. сўм нақд пуллар чиқарилди ва 1 октябрь ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 20,7 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 фоиз бандга пасайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА