Марказий банк 2024 йил учун Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳини эълон қилди. 2024 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар 1 034 триллион сўмни ташкил қилиб, 2023 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошган.
Ҳисобот даврида банк карталаридаги 226 триллион сўм (ўтган йилга нисбатан 19,5 фоиз кўп) маблағлар нақдлаштириб олинган. Хусусан, банкоматлар орқали 189 триллион сўм миқдорида нақд пул ечилган.
2024 йилда умумий пул тушумлари 840 триллион сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 26 фоизга ошди. Жумладан, умумий пул тушумларида терминал (шу жумладан, мобил иловалар) орқали тушумлар улуши 2023 йилдаги 38 фоиздан 2024 йилда 40 фоизга ўсиши кузатилди. Cавдо ва хизматлар соҳасида терминал тушумлари (шу жумладан, мобил илова орқали тўловлар) салмоғи ўтган йилдаги 40 фоиздан 44 фоизга етди.
Марказий банк томонидан иқтисодиётни зарур миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш ҳамда ортиқча нақд пулларни муомаладан қайтариб олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиб борилмоқда. 2024 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 1 011 трлн. сўмни (нақд пул тушумлари – 501 триллион сўм, берилган нақд пуллар – 510 триллион сўм) ташкил этгани ҳолда, 2023 йилга нисбатан 22 фоизга ошди. Жумладан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилга нисбатан 87 триллион сўмга ёки 21 фоизга ўсди.
Хусусан, банк хизматларидан нақд пул тушумлари 33 триллион сўмга, савдо тушумлари 22 триллион сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 16 триллион сўмга кўп бўлди.
2024 йилда банк кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали жами берилган нақд пуллар 2023 йилга нисбатан 92 триллион сўмга ёки 22 фоизга ошди. Мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 37 триллион сўмга ҳамда банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган нақд пуллар ҳажмининг 27 триллион сўмга ўсиши ҳисобига юзага келди.
2024 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар (1 034 трлн. сўм) 2023 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, ушбу даврда банк карталаридаги 226 триллион сўм (ўтган йилга нисбатан 19,5 фоиз кўп) маблағлар нақдлаштириб олинди.
Банкларга тушган нақд пуллар ва уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди. Хусусан, Марказий банк томонидан 2024 йилда муомалага қўшимча 10,3 триллион сўм нақд пуллар чиқарилди ва 2025 йил 1 январь ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 19,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоиз бандга пасайди.
2024 йил давомида Марказий банк томонидан қўшимча нақд пулларнинг (янги намунадаги) муомалага чиқарилиши натижасида банкнотлар умумий сони 152 миллион донага кўпайди. Ўз навбатида, муомаладаги нақд пуллар таркибида уларнинг миқдори бўйича 200 минг сўмлик банкнотлар улуши 2024 йилда – 18,6 фоиздан 23,4 фоизга, 20 минг сўмликнинг улуши – 4,4 фоиздан 6,7 фоизга етган бўлса, 100 минг сўмлик банкнотлар улуши – 42,5 фоиздан 40,9 фоизга, 50 минг сўмликнинг улуши – 20,5 фоиздан 16,6 фоизга камайди.
2025 йил 1 январь ҳолатига нақд пул муомаласини ташкил этишда аҳолига қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида муомаладаги эски намунадаги банкнотларни босқичма-босқич қайтариб олиш ва уларни янгилари билан алмаштириш чоралари кўрилди.
Натижада, 5 минг сўмлик банкнотлар таркибида эски намунадаги банкнотлар миқдори 2023 йилдаги 67 фоиздан 2024 йилда 25 фоизга, 10 минг сўмлик банкнотларда – 64 фоиздан 24 фоизга, 50 минг сўмлик банкнотларда – 61 фоиздан 25 фоизга ва 100 минг сўмлик банкнотларда – 39 фоиздан 18 фоизга қисқарди.
Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2024 йил давомида қўшимча 54,5 миллиард сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилди ҳамда уларнинг жами муомаладаги нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,3 фоизни ташкил этди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА