Метро – энг хавфсиз жамоат транспорти турларидан бири бўлиб, шаҳар ичида тез ва узлуксиз ҳаракатланиш имконини беради. Йўлдаги тирбандликлардан халос этиб, вақтни тежайди.
Ўтган йиллар давомида Тошкент метрополитени бекатлари сони 29 тани ва умумий узунлиги 38 кмни ташкил этган бўлса, сўнгги 6 йил давомидаги бунёдкорлик ишлари ҳисобига қўшимча 33 км метро йўналиши ва 21 та янги бекат қуриб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида метрополитен бекатлари сони жами 50 тага етиб, йўналишлар узунлиги 71 км. бўлди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-июнь ойларида 803,4 минг нафар йўловчи метродан фойдаланган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 10,8 фоизга ошган.
Йўловчилар сонининг ортиб бориши сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда йўловчиларнинг бир манзилдан бошқа манзилга бориш вақтларини қисқартириш мақсадида сўнгги 3 йилда тиғиз вақтда ҳаракат таркибларининг йўловчи ташиш бўйича оралиқ вақти қисқартирилди.
Жорий йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонини ҳарид қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркиблари янгиланади ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервали қисқаради.
Тошкент метроси нафақат транспорт, балки маданий мерос сифатида ҳам аҳамият касб этади. Ҳар бир бекат ўзига хос дизайн ва тарихий мавзулар билан бойитилган. Бекатларда ногиронлар, қариялар ва болалар учун ҳам қулай имкониятлар яратиб қўйилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА