АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда мамлакатимизда 42 минг 72 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, уларда 1,4 миллиондан ортиқ хонадон жойлашган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, ҳозирги пайтда улардан 5 минг 409 та кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишлар учун бошқарув ташкилотларининг 149 млрд. сўм маблағлари жалб қилинган.
Қолаверса, бошқарув ташкилотларида бу жараённи тўлиқ амалга ошириш учун жами 17 мингдан ортиқ техника ва ускуналар мавжуд, 12 мингга яқин ишчи-ходим бор. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева маълум қилди.
Яна таъкидланишича, бугунги кунга қадар бошқарув органлари томонидан кўп қаватли уйлар учун 692 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилган ва 512 млрд. сўм мажбурий бадаллар ундирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 4 минг 978 та уй таъмирланган.
Жорий йилда кўрилган чора-тадбирларга мувофиқ, 1 минг 825 та уйнинг том қисмлари, 3 минг 792 та кириш йўлаклари, 1 минг 466 та уйларнинг ертўласи ва ички муҳандислик тармоқлари ҳамда 670 та уйларнинг фасадлари таъмирланган. Шунингдек, 3 минг 532 та электр тақсимловчи шитлар, 1 минг 6 та темир эшик ва 1 минг 231 та кодли қулфлар ўрнатилган.
Бундан ташқари, куз-қиш даврига тайёргарлик жараёнида иситиш тизимини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, жорий йилда Давлат дастурлари доирасида 9 та қозонхона ва 55 км. иссиқлик тармоқлари қурилиши ва янгиланиши белгиланган. Ҳозиргача 10 та объект бўйича 7 та қозонхона ва 38 км. тармоқ реконструкция қилинган. 4 та объектда 3 та қозонхона ва 17 км. тармоқ янгидан қурилган. Ушбу чора-тадбирлар натижасида 19 мингдан ортиқ хонадон ва 58 та ижтимоий объект иссиқлик энергияси билан таъминланган.
Шу билан биргаликда, мамлакатдаги 4 минг 427 та кўп қаватли уйдаги 11минг 428 та лифт ускунасидан 290 таси жорий йилда янгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 528 та лифт ускунасини янгилаш учун эса давлат бюджетидан 187 млрд. сўм ажратилган бўлиб, куз ойларидаёқ мазкур ишларнинг тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
Таъмирлаш ишлари давомида кутилмаган муаммолар ҳам бартараф этилган. Мисол учун, режага киритилмаган бўлсада, 311 та уйнинг томи, 1 минг 328 та кириш йўлаклари, 390 та ертўла қисми таъмирланиб, 410 та кодли қулфлар ўрнатилган.
Шунингдек, хонадонларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида электр тармоқлари ҳолатини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудий ҳокимликлар ва “Ҳудудий электр тармоқлари” корхоналари билан ҳамкорликда республикадаги 39 минг 334 та уйларнинг 374 мингдан ортиқ электр хўжалик объектлари текширилган ва “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилган. “Қизил” тоифадаги 100 мингдан ортиқ шитлар мукаммал таъмирланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/h-Y1x_7sP6E" title="Joriy yilda 528 ta lift uskunasini yangilash uchun 187 mlrd ajratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М. Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА