Жорий йил сув хўжалиги тизимига 1000 нафардан зиёд ёш мутахассис ишга қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Сатторов билан учрашди. Унда ёшларнинг сув хўжалиги тизимидаги иштироки ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш фақат соҳа мутахассисларининг вазифаси эмас. Бу борада жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, ёшларнинг фаол иштироки муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда сув хўжалиги тизимида ёш кадрлар улушини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Вазирлик тизимида 30 ёшгача бўлган ходимлар улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу мақсадда 2026 йилнинг ўзида олий таълим муассасаларини тамомлаган 1000 нафардан зиёд ёш мутахассис ишга қабул қилинган.
Ёшларни иш билан таъминлаш билан бирга, уларнинг касбий ўсиши, илмий изланишлари ва инновацион лойиҳаларда иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва технологияларини амалиётга жорий этишига кўмаклашиш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг амалга ошираётган ишлари ва лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини асрашга қаратилган ташаббуслар, хусусан, “Сувни биргаликда асраймиз” лойиҳаси тақдим этилди.
Сувдан тежамкор ва самарали фойдаланиш кўникмаларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун тушунтириш ишларини замонавий усулларда олиб бориш ва сувга эҳтиёткор муносабатни кундалик одатга айлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Хайрулла Сатторов ёш сувчилар учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди. Лойиҳа доирасида иқтидорли ва ташаббускор ёш мутахассисларни бирлаштириш, уларнинг ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тажриба алмашиш учун имкониятлар яратиш таклиф этилди.
Шунингдек, сув ва ундан оқилона фойдаланишга оид замонавий мавзуларни таълим дастурлари ва дарсликларга кенгроқ киритиш, халқаро тадбирлар доирасида ёш сувчилар форумларини ўтказиш, сув павильонлари ва кўргазмалар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида сувдан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилишни янада кучайтириш, айниқса, ёшлар билан ишлашда замонавий ва таъсирчан усуллардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА