Президент Шавкат Мирзиёевга 15 декабрь куни сув хўжалигида энергия самарадорлигини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишлари юзасидан ахборот берилди.
Аввало, эскирган ва энергия сарфи юқори насос агрегатларини замонавий, энергия тежамкорларига алмаштириш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 274 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали 185 минг гектардан ортиқ ер майдонлари суғорилмоқда. Станциялардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилдан буён ишлаб чиқарилган ускуналардан иборат, уларнинг энергия сарфи замонавий насосларга нисбатан 2-3 баробар юқори.
Кегейли туманидаги эски агрегатлардан бири замонавий энергия тежамкорига алмаштирилганда, электр энергиясининг сарфи икки баробарга камайган.
Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насосни босқичма-босқич замонавий энергия тежамкор агрегатларга алмаштириш режалаштирилган. Натижада йиллик 25 миллиард сўмга тенг электр энергияси иқтисод қилиниши ва лойиҳа сарф-харажатлари 14 ой ичида ўзини оқлаши таъкидланди.
Бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Тошкент ирригация университетида эришилган натижалар ва келгусидаги режалар тўғрисида маълумот берилди.
Ҳозирги кунда университетда 8682 нафар талаба таҳсил олмоқда, 571 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда, илмий салоҳият даражаси 73,5 фоизни ташкил этади.
Университет халқаро рейтингларда юқори натижаларга эришиб, “THE World University Rankings 2026” рейтингида дунё университетлари орасида 501-ўринни, Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари бўйича 2-ўринни, Ўзбекистонда 1-ўринни эгаллади, “QS World University Rankings 2026” натижаларига кўра эса 469-ўринга кўтарилди.
Ўтган йилда университет ҳудудида 200 ўринли замонавий IT маркази барпо этилди, рақамли кутубхона ва регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилди. Университетнинг таълим йўналишлари беш йил муддатга халқаро аккредитациядан ўтказилди. Ўқув жараёнига дунёнинг ТОП-300 талигидаги университетларни битирган юртдошларимиз ва хорижий профессорлар жалб қилинган.

Келгусида иқлим ўзгаришини таҳлил қилиш учун рақамли технологияларга асосланган миллий платформа яратиш, университет ҳудудида космик кузатув станциялари барпо этиш, сунъий йўлдош маълумотларини қабул қилиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, университетнинг “Сув дипломатияси” магистратура йўналишига халқаро мақом бериш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари Тошкент ирригация университетини дунёнинг ТОП-300 талик университетлари қаторига киритиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширди.
Тақдимотда халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, сўнгги ойларда Тошкент шаҳри ичимлик суви ва оқова хизматларини яхшилашга бағишланган биринчи Марказий Осиё конференцияси ҳамда Сув кодексининг кучга киришига бағишланган халқаро конференцияга мезбонлик қилди.
Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида келгуси йил март ойида Тошкент халқаро сув ҳафталигини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Форум халқаро институтлар ва минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш ва келгуси йилда Оролбўйи ҳудудида сув тежаш технологияларига бағишланган халқаро форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан кўрсатмалар берилди.