2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан 14 миллиард 384 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва режа 101,5 фоизга бажарилди.
Шу даврда жамият томонидан инвестиция фаолиятида ҳам юқори натижаларга эришилди. Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий йилда 701,93 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган бўлса, ярим йилликда режалаштирилган 234,93 миллион доллар ўрнига 286,85 миллион доллар ўзлаштирилиб, кўрсаткич 121,7 фоизга етказилди.
Айни пайтда қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 та маҳаллада когенерация лойиҳаларини амалга ошириш” доирасида Сергели туманининг Боғбон маҳалласини қамраб олувчи когенерация қурилмаси яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга газ-поршенли қурилма, "Толимаржон ИЭС" АЖда умумий қуввати 900 МВт ва "Навоий ИЭС" АЖда 650 МВт бўлган буғ-газ қурилмаларини барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Маҳсулот таннархини пасайтириш ҳам жамиятнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Олиб борилган самарали чора-тадбирлар туфайли 2025 йил январь-июнь ойларида маҳсулот таннархи 592,2 миллиард сўмга камайтирилди ва режа 112,8 фоизга бажарилди.
2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида жамият таркибидаги станция ва иссиқлик марказларида жами 35 та энергообъектда таъмирлаш ишлари белгиланган. Улар қаторида 3 та энергоблок, 24 та қозон, 3 та буғ-газ, 3 та газ-турбина ҳамда 2 та газ-поршен қурилмаси бор.
Февраль ойидан бошланган мавсумий тайёргарлик ишлари доирасида бугунгача 15 та қурилма, жумладан, 1 та энергоблок, 12 та қозон ва 2 та газ-поршен қурилмаси таъмирдан чиқарилди. Ҳозирда яна 10 та қурилмада таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Мазкур ишлар якунлангач, 89 МВт қўшимча қувват ва қозон қурилмаларида 45 тонна/соат қувват ошиши таъминланади.
Шунингдек, “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг 9 та иссиқлик марказида жами 13 та қозон мукаммал таъмирланмоқда, 47 та қозон қурилмасида эса жорий таъмир ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 19 та лойиҳа асосида 33,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, амалда 36,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 109 фоизга бажарилди. Импорт ҳажми эса 11,9 миллион долларга қисқартирилиб, режа 123,1 фоизга бажарилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур ташкилотнинг ярим йиллик фаолияти мамлакатимиз энергетика соҳасининг барқарорлиги, ишончли таъминоти ва техник салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, инвестиция лойиҳаларининг самарали ижроси, маҳсулот таннархининг пасайтирилиши ҳамда маҳаллийлаштириш йўли билан импортини қисқартириш каби кўрсаткичлар корхонанинг стратегик мақсадларига мувофиқдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА