Электр энергияси ишлаб чиқаришда барқарор ўсиш кузатилмоқда
Мамлакатимизда энергетика соҳасида барқарорликни таъминлаш ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки чораги якунлари соҳадаги ўсиш динамикаси ва амалий ислоҳотлар самарасини яна бир бор намоён этди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-март ойларида республикада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат бўйича жами 23 миллиард 317 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига қараганда 1 миллиард 471 миллион киловатт-соатга ортиқ бўлиб, ўсиш суръати 7 фоизни ташкил этган.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён этмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 20 миллиард 163 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 262 миллион киловатт-соатга ёки қарийб 101 фоизга кўп демак.
Таъкидланишича, соҳада амалга оширилаётган модернизация ишлари, янги генерация қувватларининг ишга туширилиши электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Шу асосда вазирлик томонидан аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли энергия манбалари билан таъминлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
–Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам такомиллаштирилган. Махсус штаб фаолияти йўлга қўйилиб, келиб тушган мурожаатларни қайта кўриб чиқиш ишлари ҳудудлар кесимида ташкил этилди. 2025 йил 1 январдан 2026 йил 16 мартга қадар қабул қилинган 33 мингдан ортиқ мурожаатнинг катта қисми ўрганилиб, уларнинг сезиларли қисми ижобий ҳал этилди. Натижада ижобий ечим топган мурожаатлар сони 16 мингдан зиёдни ташкил этиб, умумий кўрсаткич қарийб ярмига етди.
Аҳоли билан мулоқотни кучайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш ишлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, сайёр қабуллар, call-марказлар ва диспетчерлик хизматлари самарадорлигини оширишга қаратилган амалий чоралар кўрилмоқда, – деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова.
Қайд этиш жоизки, энергетика соҳасида олиб борилаётган тизимли ишлар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки хизматлар сифатини яхшилаш ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА