“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”
Бугун мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларидаги каби Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли 555 та умумий ўрта таълим мактабида ҳам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида биринчи қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳрининг “Заргарлик” маҳалласида жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабида ўтган биринчи қўнғироқ тадбирида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётганини таъкидлаб, йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 31 йиллик қутлуғ тўйи ва янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий қутлади.
[gallery-8652]
– Вилоятдаги мавжуд 555 та умумий ўрта таълим мактабида 265 минг 920 нафар ўқувчи-ёш таълим олмоқда, – дейди Жиззах вилоят ХТБ умумтаълим мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Бахтиёр Пардаев. – Янги ўқув йилида илк бор мактабга қадам қўйган ва бугун биринчи марта мактаб партасига ўтирган 30 минг 103 нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари топширилди.
Янги ўқув йилининг биринчи кунидан вилоятдаги Бахмал туманида 2 та, Зомин туманида 1 та умумтаълим мактаби янгидан қурилиб, биринчи қўнғироқ янграши билан ўз фаолиятини бошлади. Вилоятдаги яна 3 та мактабга янги бино қуриб берилди. Жами 71 та умумтаълим мактаби янги ўқув йили учун тубдан қайта таъмирланди. Барча умумтаълим мактабларига ўқув дарсликлари тўлиқ етказиб берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА