Жиззах шаҳрида “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби қошида замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган футбол академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси мутасаддилари, вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимликлари, спорт ва футбол фахрийлари, вилоят спорт бошқармаси ҳамда “Сўғдиёна” футбол клуби раҳбарияти, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти маслаҳатчиси Раҳмиддин Зикриёев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатда футболни ривожлантиришда Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатда алоҳида ўрин тутадиган футболга ёшларни кенг жалб этиш бўйича Жиззах воҳасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётганини, профессионал футбол клубларининг академияларини қуриш, мавжудларини жаҳон талаблари даражасида реконструкция қилиш ва ёшларни сифатли саралаб олиш ҳамда иқтидорли кадрлар тайёрлаш жараёнлари долзарб аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.
[gallery-23912]
Шунингдек, янги академияда Жиззах вилоятининг турли ҳудудларидан саралаб олинган иқтидорли ёш футболчилари машғулотлар ўтказиши, улар билан малакали мураббийлар иш олиб бориши, бу ерда бўлажак футболчилар учун барча қулайликлар яратилганлиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Расмий маросимдан сўнг, рамзий боғич қирқилиб, тадбир иштирокчилари футбол академиясида яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Ушбу мажмуада бир вақтнинг ўзида 6 та ёш тоифаси бўйича 120 нафар ёш чарм тўп усталари амалий ва назарий жиҳатдан керакли спорт ва асосан футбол кўникмаларини ўзлаштириши кўзда тутилган.
Мазкур футбол академияси таркибида барча қулайликларга эга 1 та табиий чим ётқазилган ва 2 та сунъий қопламали стадион, ёпиқ спорт зали, сузиш ҳавзаси, ҳар бири 120 ўринли ошхона ва ётоқхона ҳамда каттагина китоб фондига эга кутубхона мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Умид қиламизки, ушбу академияда Ватанимиз шарафини жаҳонга танитадиган истеъдодли ва шижоатли футболчилар етишиб чиқади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари