Футбол академияси фаолияти йўлга қўйилди
Гулистон шаҳрида футбол ихлосмандлари, айниқса, ёшлар учун қувонарли воқеа рўй берди. Шаҳарда «Guliston» PFK қошида ташкил этилган футбол академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги академия иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг футболдаги маҳоратини юксалтириш ва келажакда профессионал спортчиларни тарбиялашга хизмат қилади.
Тантанали тадбирда Сирдарё вилояти футбол ассоциацияси, вилоят спорт бошқармаси, «Гулистон» футбол клуби раҳбарияти, мураббийлар, ёш футболчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Тадбирни «Гулистон» футбол клуби президенти Ойбек Ашурматов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда футболни, айниқса, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди.

Қайд этилганидек, бугун футбол нафақат спорт мусобақалари, балки ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларда интизом, жамоавийлик, мақсад сари интилиш ва Ватанга садоқат туйғуларини шакллантиришнинг муҳим воситаларидан бири сифатида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Сирдарёда ҳам футбол инфратузилмасини ривожлантириш, ёш иқтидорларни аниқлаш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараённинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган янги академия ёш футболчиларнинг спортдаги биринчи жиддий қадамларини профессионал тайёргарлик билан уйғунлаштириш имконини беради.
— «Гулистон» футбол клубининг келажакдаги ютуқлари, аввало, ёш футболчилар билан ишлаш тизимига боғлиқ. Шу боис академияни ташкил этишга катта аҳамият қаратдик. Бу ерда футболга қизиқиши ва қобилияти бор болаларни танлаб олиш, уларнинг маҳоратини мунтазам ошириш, замонавий футбол талаблари асосида тайёрлаш учун зарур шароитларни яратишни мақсад қилганмиз, — деди клуб президенти Ойбек Ашурматов.
Шундан сўнг вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ва клуб бош мураббийи Аббос Эргашев сўзга чиқиб, академиянинг мақсад ва вазифалари, машғулотларни ташкил этиш тартиби, ёш футболчиларни тайёрлаш жараёни ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида йиғилганларга маълумот бердилар.

Академия фаолиятида энг муҳим жиҳатлардан бири — ёш футболчиларнинг қобилиятини эрта аниқлаш ва уни тўғри йўналтиришдир. Зеро, катта футбол сари йўл айнан болалик ва ўсмирлик давридаги мунтазам машғулот, тўғри ёндашув ва малакали мураббийлар меҳнати билан бошланади.
Янги академияда ёшларнинг техник ва тактик маҳоратини ошириш, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш, футбол қоидалари ва замонавий ўйин талабларини чуқур ўзлаштиришига эътибор қаратилади. Шунингдек, тарбияланувчиларда жамоада ҳаракат қилиш, рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ғалабага интилиш ва спорт интизоми каби муҳим фазилатларни шакллантириш ҳам устувор вазифалардан бўлади.

Тадбир давомида ёш футболчиларнинг ота-оналари ҳам академия фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Бу эса болаларнинг спортдаги иштироки, машғулотлар жараёни ва улар учун яратиладиган шароитлар борасида ота-оналар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлигини кўрсатди.

Тантанали маросим якунида академиянинг ёш тарбияланувчиларига «Гулистон» жамоаси раҳбарияти томонидан спорт либослари топширилди. Мураббийларга эса машғулотларни сифатли ташкил этиш учун зарур спорт анжомлари тақдим этилди.
Болаларнинг қўлига топширилган янги либослар, майдондаги илк машғулотлар ва уларнинг футболга бўлган иштиёқи — бугунги қувончли воқеанинг энг таъсирли манзаралари бўлди. Зеро, ҳар бир катта футболчи ўзининг илк қадамини ана шундай майдонлар, биринчи мураббий ва биринчи жамоадан бошлайди.

«Guliston» PFK футбол академияси келгусида Сирдарё футболи учун муносиб авлодни тарбиялаш, иқтидорли ёшларни катта футболга олиб кириш ва вилоят спорти нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ерда бугун машғулот бошлаган ёш футболчилар орасида эртага «Гулистон» клуби шарафини муносиб ҳимоя қиладиган, миллий футболимизда ўз ўрнига эга бўладиган истеъдодлар етишиб чиқишига ишонч бор. Катта мақсадлар билан ташкил этилган футбол академиясининг тантанали очилиши ана шу эзгу ниятлар сари муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири