Бу амалиёт биринчи бўлиб Зомин туманидаги “Jizzax Organic” чорвачилик кластер корхонасида қўлланилмоқда.
“Jizzax Organic” чорвачилик кластери вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири. Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида амалга оширилаётган қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа бўйича 10 минг бош гўшт ва 3 минг бош сут йўналишидаги қорамол боқиладиган чорвачилик комплекси барпо этилаётир.

Кластер хўжалигида чорва озуқаси етиштириш ва яйлов учун ажратилган 10 минг 775 гектар, шу жумладан, 8 минг 964 гектари суғориладиган ер майдонидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий фан-техника ютуқларини кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Jizzax Organic” корхонаси дала харитасини тузиш, экинлар ўсишини кузатиш, улардаги касалликларни аниқлаш ва ташхис қўйиш, зараркунандаларга қарши курашишда учувчисиз бошқариладиган аппаратлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлигидан махсус рухсатнома олди.
– Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар орқали экинларнинг ўсиш жараёни, уларнинг бегона ўтлардан, зараркунандалардан, бошқа табиий омиллардан зарарланиши тўғрисидаги тезкор ва тўлиқ маълумотлар олиш имкони бор, – дейди “Jizzax Organic” кластер корхонаси раҳбари директори Ҳикматилла Каримов. – Катта майдонларда бу ишни анъанавий усулларда амалга оширишга мутахассислар кўп вақт ва куч сарфлашларига тўғри келади. Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ёрдамида касалликларга ташхис қўйиш, бегона ўтлар ва ҳашаротларга қарши курашиш, экин униб чиқмаган майдонларга қайта экиш каби ишларни дастлабки босқичларда аниқлаб бажариш мумкин бўлади.

Ҳозир республикамизда учувчисиз бошқариладиган қурилмалардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Айни пайтда қишлоқ хўжалигида фойдаланишга мўлжалланган дронларнинг хориждан келтирилган бир қанча русумлари мавжуд. Улардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бу ишга биринчилардан бўлиб қўл ураётган тадбиркорлар ҳам шу мақсадни кўзда тутишмоқда.
Т. Бекназаров, ЎзА