Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, спортни оммалаштириш ва хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида ишлар давом этмоқда. Ҳудудда иқтисодий фаоллик ва ижтимоий ташаббуслар билан бир қаторда вилоят ёш спортчилари Бокуда ўтган халқаро дзюдо мусбобақасида 10 та медални қўлга киритди.
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев Янгиобод шаҳарчаси фуқаролар йиғинида учрашув ўтказди. Унда маҳалла еттилиги аъзолари иштирок этди.

Мулоқотда аҳолини ташвишга солаётган масалалар ва фуқаролар мурожаатлари муҳокама қилинди. Уларни ҳал этиш юзасидан маҳалла масъулларининг фикр ва таклифлари тингланди.

Шунингдек, ёшлар бандлиги, меҳнат миграцияси ва маҳалла ҳаётига оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Кўтарилган муаммоларни бартараф этишда маҳалла еттилигининг ҳамкорлиги муҳимлиги таъкидланди.
***
«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида умумтаълим мактабларининг 16-17 ёшли (10-11-синф) ўқувчилари ўртасида мини-футбол мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ғалаба учун бор имкониятларини ишга солди. Ёш футболчилар техник маҳорат, чаққонлик ва жамоавий ҳамжиҳатликни намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, Жиззах шаҳридаги 19-сонли умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Пахтакор туманидаги 9-сонли мактаб жамоаси иккинчи бўлди. Зафаробод туманидаги 1-сонли мактаб жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар Жиззах вилоят спорт бошқармаси томонидан тақдирланди.
***
Шароф Рашидов туманида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни замонавий саноат корхоналарига жалб этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу мақсадда битирувчи ва ишсиз ёшлар вилоятдаги йирик корхона – «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонасига таклиф этилди. У ерда корхона раҳбарияти иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилинди.

Учрашувда заводнинг ишлаб чиқариш қувватлари, меҳнат тартиби ва иш ҳақи тизими ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, ёш мутахассислар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

Иштирокчилар ишга қабул қилиш талаблари, касбий малака ошириш ва карьера имкониятлари ҳақида саволларига жавоб олди. Бундай учрашувлар ёшларни меҳнат бозорига йўналтириш ва саноатда иш бошлашига кўмаклашади.
***
Жиззах вилоятида хизматлар соҳасининг муҳим тармоқларидан бири бўлган савдо хизматлари ҳажми ўсиб бормоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида вилоятда савдо хизматлари ҳажми 6 триллион сўмни ташкил этди.
Ушбу кўрсаткич ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятининг иқтисодий аҳамиятини намоён этади. Янги савдо нуқталари очилиши ва хизматлар тармоғининг кенгайиши тадбиркорлик фаоллигига таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, мазкур йўналиш аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад манбаларини шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
***
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дзюдо бўйича халқаро «Qizil Tatami Cup» мусобақаси бўлиб ўтди. Унда жиззахлик ёш спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этди.

14 та давлатдан қарийб 360 нафар ўсмир спортчи қатнашган беллашувларда вилоят яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчилари 10 та медални қўлга киритди.
Жумладан, Аюб Асқаров (24 кг), Муҳаммадали Иброҳимов (+38 кг), Абдуллоҳ Исломов (38 кг), Умид Фурқатов (55 кг), Аваз Ҳайдаров (66 кг) ва Шоҳрух Узоқбоев (+66 кг) олтин медалларга сазовор бўлди.

Шунингдек, жамоа ҳисобида 2 та кумуш ва 2 та бронза медали ҳам қўлга киритилди. Натижада жиззахлик спортчилар мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА