Темир йўл логистикасида рақобат кучаяди, тадбиркорлар учун вагон танлаш эркинлиги кенгаймоқда
Мамлакатимизда инвестор ва тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда инвестициявий фаолликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказига ташриф буюриб, транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
– Компаниямиз асосан темир йўл транспорти хизматларини кўрсатади. Ҳозирги кунда тахминан мингта юк вагонига эгамиз, – дейди Юнусобод туманидаги “Cotton Logistics” корхонаси таъсисчиси Павел Жўраев. – Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ушбу соҳада чуқур таркибий ислоҳотлар амалга оширилди ва улар аллақачон ўзининг ижобий натижасини бера бошлади. Яқинда компаниямиз янги вагонлар харид қилди. Яратилган бундай имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдираман.
Президент соҳамиздаги тадбиркорларни бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган тизимли муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бугун эълон қилинган янги қўллаб-қувватлаш чоралари эса нафақат миллий компаниялар даромадини оширади, балки соҳадаги рақобатни ҳам кучайтиради. Бу, ўз навбатида, юк жўнатувчи ва қабул қилувчиларга операторлар ҳамда вагонларни эркин танлаш бўйича қўшимча қулайликлар яратади. Шунингдек, халқаро юк ташишларда миллий транспорт компанияларининг улушини оширишга хизмат қилади.
Янги чора-тадбирлардан руҳланган ҳолда, яқин йиллар ичида ўз вагон паркимизни камида уч мингтага етказишни режалаштиряпмиз. Бу эса тадбиркорларимизга ўз маҳсулотларини халқаро йўналишларда экспорт қилиш учун янада кенг имкониятлар очади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА