Хотин-қизларнинг таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги муаммолари муҳокама этилди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан фан, таълим ва инновациялар соҳаларида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда таълим ва илм-фан соҳасидаги хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, шунингдек, касбий ва илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова таъкидлаганидек, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар мурожаатларини кўриб чиқишда тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг бевосита иштирок этиши муаммоларни тезкор ва манзилли ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки мурожаатларда кўтарилаётган масалаларнинг аксарияти бир нечта ташкилотнинг ваколат доирасига тааллуқли бўлиб, уларни идоралараро ҳамкорлик асосида ҳал этиш талаб этилади.
Шу боис Қўмита томонидан энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган соҳалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Бундай учрашувлар ҳақидаги эълонлар Қўмитанинг расмий веб-сайтида уч кун олдин жойлаштирилади. Унда мулоқот мавзуси ва мурожаатлар қабул қилинадиган йўналиш олдиндан маълум қилинади. Бу эса барча хоҳловчиларга очиқ мулоқотда иштирок этиш имконини беради.
Мукаррам Нурматованинг маълум қилишича, мазкур форматдаги учрашувларда ҳар сафар 200 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг ечими юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Бунда соҳавий вазирлик ва идоралар вакилларининг бевосита иштирок этиши мурожаатчиларга масалаларнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини атрофлича тушунтириш, муаммоларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда.

Шунингдек, Қўмита томонидан Олий суд, Савдо-саноат палатаси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган очиқ мулоқотлар тажрибаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу учрашувлар давомида турли соҳаларга оид кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича амалий ишлар олиб борилгани қайд этилди.
Очиқ мулоқотда таълим соҳасида хотин-қизлар учун назарда тутилган имтиёз ва имкониятлар, эҳтиёжманд қизларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим контракт тўловларини қоплашда кўмаклашиш, шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Айрим ҳолларда мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш тартиби ва уларни қўллаш механизмлари юзасидан тушунмовчиликлар юзага келаётганини ҳам таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, масъул вазирлик ва идоралар мутахассисларининг бевосита иштирокида мурожаатларга аниқ ва асосланган жавоблар бериш, тегишли тартиб-қоидаларни тушунтириш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба қизларнинг мурожаат ва таклифлари ҳам эътибордан четда қолмади. Қўмита вакилларининг хорижий давлатларга хизмат сафарлари давомида у ерда таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган ва истиқомат қилаётган юртдошлар билан учрашувлар ўтказиши, уларнинг муаммолари ва ташаббусларини ўрганиши эътиборга моликдир.
Хорижда истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда махсус учрашувлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири