Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Юксалиш” ҳаракатининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Зиёли келажак” лойиҳаси доирасида Бахмал туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаби кутубхонаси китоблар билан бойитилди. Ушбу хайрли ташаббус доирасида таълим муассасасига 34 турдаги 130 дан ортиқ бадиий ва маърифий адабиётлар тақдим этилди.

Мазкур китоблар ўқувчиларнинг билим доирасини кенгайтириш, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини юксалтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, маънавий-ахлоқий тарбияни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. “Зиёли келажак” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
***
Жиззах шаҳрида тадбиркорлар иштирокида “Бизнес мулоқот” очиқ учрашуви ташкил этилди. Унда Республика кичик бизнес уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаси, Бизнес-омбудсман, Марказий банк, солиқ идоралари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари, шунингдек 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг вакиллари қатнашишди.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, улар фаолиятида учраётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, молиялаштириш, кредит ажратиш, солиқ юкламасини енгиллаштириш, ер ва инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида 15 нафар тадбиркорнинг мурожаати тингланиб, уларнинг 8 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
***
Туманларда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан эпизоотик осойишталикни таъминлашга қаратилган тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Хусусан, аҳоли хонадонларида парваришланаётган чорва моллари клиник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг соғломлиги назорат қилинмоқда.

Шу билан бирга, юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишлари амалга оширилиб, чорва молларини идентификация қилиш, яъни сирғалаш жараёни ҳам давом эттирилмоқда.
***
Фориш туманида Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан аҳоли ҳолидан хабар олиш тадбирлари ташкил этилди. Туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Йўлдош Кенгашев ҳамда “Дарбоза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фарход Уришевлар ташаббуслари билан чегараолди ҳудудлардаги фуқаролар ҳолидан хабар олинди.

Тадбирлар давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, масъуллар ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, таълим муассасаларида давомат, ёшларни турли таҳдидлардан, жумладан кибержиноятчилик таъсиридан асраш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА