Жиззах–Душанбе: таълимда янги ҳамкорлик
Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари ректорларининг III форуми бўлиб ўтди. Илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ушбу нуфузли анжуман икки мамлакат олий таълим жамоатчилиги учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университетида ташкил этилган форумда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги раҳбарлари, икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, олимлар ва экспертлар иштирок этишди. Тадбирда замонавий таълим тизимини такомиллаштириш, қўшма илмий изланишларни кенгайтириш, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форум доирасида қатор икки томонлама келишувлар имзоланиб, таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги саҳифалари очилди. Жумладан, Жиззах политехника институти ва Тожикистон энергетика институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Меморандумга мувофиқ, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш, энергетика ва муҳандислик соҳаларида илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатлар барча соҳалар қаторида таълим ва илм-фан йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Бундай ташаббуслар икки халқни янада яқинлаштириш, интеллектуал салоҳиятни бирлаштириш ҳамда минтақада барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Форум доирасида иштирокчилар учун Тожикистон миллий ҳунармандчилиги намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда тожик халқининг анъанавий каштачилик санъати, миллий матолар, қўл меҳнати билан тайёрланган безак буюмлари ва амалий санъат намуналари намойиш этилди. Ранг-баранг нақшлар ва миллий услубдаги безаклар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, тадбирга ўзига хос маданий руҳ бағишлади. Кўргазма орқали иштирокчилар икки халқнинг бой маданий мероси ва ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА