Ўзбекистон-Россия: таълимдаги ҳамкорлик
Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Элмира Зарипова ҳамда таълим ва фан вазири Илсур Ҳадиуллин бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоро муҳандислик-технология институтида бўлди.
Меҳмонлар билан бўлиб ўтган музокара давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азамат Наимов, ҳамда вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари қатнашди.
Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида турли тармоқларда шерикликка оид истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, янги индустриал паркларни очиш ва мавжудларини ривожлантириш, инновациялар, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳалари ҳамда таълим жараёнини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик дастурлари қабул қилинган.
– Кейинги йилларда Татаристон Республикасидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юқори натижаларга эришмоқдамиз, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова. –Татаристоннинг Қозон федерал университети ва Алмативиский институти билан “илғор муҳандислик мактаби”ни ташкил этиш, академик мобиллик, қўшма таълим, илмий ва инновацион, техника-технология йўналишида муваффақиятли фаолият юритмоқдамиз.

– Татаристонда 45 та давлат олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб унда 148 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда, – дейди таълим ва фан вазири Илсур Ҳадиуллин. –Биз тоғ саноати, нефт-газ соҳаси, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни иш билан таъминлашда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.

Музокаралар давомида вилоят олий таълим муассасаларидаги битирувчиларни транспорт, қурилиш, машинасозлик йўналишларида иш билан таъминлашда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, “Алабуга” эркин иқтисодий зонасида юқори технологиялар мавжудлигини инобатга олиб, ҳамкорликда қўшма тадқиқотлар олиб бориш, ўқув ва илмий тадқиқотлар учун илмий ходимлар амалиётини жорий қилиш, ҳамкорликда илмий лойиҳалар, дуал таълимни ташкил этишда битимлар имзоланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.