Жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга оид ишлар талаб даражасидами?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга эътибор қаратилган.
Қарорда «маҳалла еттилиги» масъулиятини ошириш, криминоген вазияти оғир бўлган ҳудуд ва маҳаллаларни раҳбарларга номма-ном бириктириш орқали уларнинг жавобгарлигини кучайтириш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш каби масалалар бўйича аниқ топшириқлар қўйилган.
Олий Мажлис Сенати томонидан қарор ижроси бажарилишига доимий эътибор қаратилмоқда. Сенаторлар туманларда бўлиб, асл вазиятни ўрганиб бормоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Баҳром Абдуллаев халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
2026 йилнинг январь - сентябрь ойларида туманда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра, туманда умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга камайган. Жумладан, фирибгарлик 78 тадан 43 тага, талончилик 7 тадан 3 тага, оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар 6 тадан 4 тага қисқарган.
Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 210 тадан 161 тага, вояга етмаганлар жиноятчилиги эса икки баравар (18 тадан 9 тага) камайди. Муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 120 тадан 95 тага, ишсизлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар эса 63 тадан 51 тага қисқарди.
Айрим турдаги жиноятларнинг ўсиш тенденциясига эга экани танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, безорилик ҳолатлари деярли уч баравар кўпайгани (5 тадан 14 тага), қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш 5 тадан 9 тага, енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари эса 8 тадан 14 тага ошгани, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сонининг 37 тага кўпайгани профилактика ишларида жиддий камчиликлар мавжудлигидан далолат беради.
Муҳокамаларда маълум қилинишича, тумандаги 30 та маҳалланинг 24 таси «сариқ», 6 таси эса «яшил» тоифага киритилган бўлиб, «қизил» тоифадаги маҳаллалар мавжуд эмас. Йиғилишда, айниқса, «сариқ» тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни соғломлаштириш, жиноятчиликка сабаб бўлаётган ижтимоий ва бошқа омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Сенаторлар жиноятчилик кўрсаткичларини фақат умумий рақамлар билан баҳолаш эмас, балки ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитлар ва профилактикадаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиш муҳимлигига эътибор қаратди.
Мажлис якунида туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари масъулларига бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, жиноятчилик ўсиши кузатилаётган йўналишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар, ишсизлар ҳамда муқаддам судланган шахслар билан манзилли профилактика ишларини кучайтириш, шунингдек, «сариқ» тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА