Бектемир тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.
Ҳужжатда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтиришга урғу берилган. Масъулларга ҳар бир маҳалладаги криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиб, маҳаллалар кесимида манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган.
Қарор ижросини таъминлаш Олий Мажлис Сенатининг доимий диққат марказида турибди. Сенаторлар жойларда бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларининг натижадорлигини мунтазам ўрганиб бормоқда.
Сенаторларнинг навбатдаги ташрифи Бектемир туманига амалга оширилди. Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгашининг навбатдаги мажлисида туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда ижтимоий профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ва қўмита раиси ўринбосари Баҳром Абдуллаев, туман кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари иштирок этган мажлисда Президент қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, замонавий кузатув воситаларини жорий этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, тумандаги аҳоли гавжум жойлар, кўчалар, кўп қаватли уйлар ҳовлилари, савдо марказлари, бозорлар ва таълим муассасаларида 307 та замонавий видеокузатув камераси ўрнатилган. Шунингдек, 520 та кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадон техник қўриқлов пультига олингани маълум қилинди.
Амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида фирибгарлик жиноятлари 74 тадан 50 тага, ўғрилик 107 тадан 97 тага, енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари эса 20 тадан 11 тага камайиб, ижобий натижаларга эришилди.

Ижтимоий профилактика доирасида вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар, ишсизлар ва муқаддам судланган шахслар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги таҳлил қилинди. Шунингдек, профилактика тизимида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам танқидий баҳоланди.
Муҳокама якунида туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари олдига жиноятчиликнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар билан профилактик ишларни кучайтириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича устувор вазифалар қўйилди.
“Маҳалла еттилиги” ва масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, видеокузатув тизимларининг самарадорлигини ошириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА