“ЖЧ-2026” олдидан бир қатор терма жамоалар ўртоқлик ўйинини ўтказди
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Канадага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
“Commonwealth Stadium”да бўлиб ўтган баҳснинг биринчи бўлими тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, танаффусгача ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлимда мезбонлар устунликни қўлга олди. 58-дақиқада Жонатан Осорио ҳисобни очган бўлса, 90+1-дақиқада Жайден Нелсон жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Вакилларимиз бир нечта хавфли ҳужумлар уюштирган бўлса-да, ҳисобни ўзгартира олмади.
Шу тариқа, учрашув Канада терма жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Энди миллий терма жамоамиз Нью-Йорк шаҳрига йўл олади. Қисқа тикланиш жараёнидан сўнг жамоа 8 июнь куни Нидерландия миллий терма жамоасига қарши навбатдаги назорат учрашувини ўтказади. Беллашув “Icahn Stadium”да бўлиб ўтади.
Шунингдек, Жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳисобланган бир қатор термалар ҳам ўртоқлик учрашувларини ўтказди.
Колумбия терма жамоаси ўз майдонида Коста-Рикани 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Боготадаги “Эль Кампин” стадионида кечган баҳсда голларга Давидсон Санчес, Луис Диас ва Луис Суарес муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг ягона жавоб тўпини Андрей Сото киритди.
Яна бир ўртоқлик баҳсида Туркия терма жамоаси Шимолий Македонияни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Скандинавия дербисида эса Норвегия терма жамоаси Швеция устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга Йорген Странд Ларсен (8, 37) ва Антонио Нуса (18) муаллифлик қилган бўлса, шведларнинг ягона голини Александр Исак киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА