ЖЧ-2026: Чехия ва ЖАР мундиалдаги илк очколарини қўлга киритди
Футбол бўйича давом этаётган Жаҳон чемпионатининг "А" гуруҳи баҳсида Чехия термаси ғалабани қўлдан чиқарди.
Америка Қўшма Штатларининг Атланта шаҳрида жойлашган “Мерседес-Бенц” стадионида Жаҳон чемпионатининг “А” гуруҳидан ўрин олган Чехия ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари 2-тур доирасида ўзаро рақобатлашди.
Ушбу учрашувнинг биринчи бўлими 6-дақиқасида Михал Садилек ЖАР терма жамоаси дарвозасини ишғол этди ва бўлим сўнгига қадар ҳисоб ўзгармади. Иккинчи бўлимда ўйин тизгинини қўлдан чиқарган чехиялик футболчилар 83-дақиқада ўз дарвозалари олдида қоида бузди ва учрашув ҳаками пенальти белгилади. Ушбу вазиятдан эса Тебохо Мокоэна унумли фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди.
Шу тариқа мазкур ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Натижада Чехия ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари 1 очкодан бўлишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз вақти билан 19 июнь тонгги соат 06:00 да Мексика – Корея Республикаси термаси “А” гуруҳининг 2-тури доирасида ўйин ўтказади.
Дарвоқе, бироздан сўнг “B” гуруҳида Швейцария – Босния ва Герцеговина (19 июнь, 00:00) баҳси бошланади. Шунингдек бу гуруҳда Канада – Қатар (19 июнь, 03:00) тўқнашувига ҳам гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА