ЖЧ–2026: Иккинчи тур олдидан гуруҳлардаги вазият қандай?
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувлари якунланди. Дастлабки учрашувлардан кейин айрим терма жамоалар плей-офф сари муҳим қадам ташлаган бўлса, бошқалари учун иккинчи тур ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувлари якунланди. Дастлабки тур натижалари айрим жамоаларнинг плей-офф сари муҳим қадам ташлаганини кўрсатган бўлса, баъзи фаворитлар кутилмаганда очко йўқотди.
Гуруҳлардаги ҳозирги вазият ва навбатдаги учрашувларга назар ташлаймиз.
“А” гуруҳида Мексика ҳамда Корея Республикаси терма жамоалари дастлабки турдан кейин 3 очкодан жамғариб, пешқадамлик қилмоқда. Чехия ва Жанубий Африка Республикаси ҳисобида эса ҳозирча очко йўқ.

Мазкур гуруҳнинг иккинчи тур баҳслари бугун старт олади. Унда мамлакатимиз вақти билан соат 21:00 да Чехия – Жанубий Африка Республикаси, 19 июнь тонги соат 06:00 да эса Мексика – Корея Республикаси учрашувлари бўлиб ўтади.
“В” гуруҳида эса вазият мутлақо тенг. Швейцария, Канада, Қатар ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоаларининг ҳар бири ҳисобида бир очкодан мавжуд. Бу эса гуруҳдаги курашнинг янада кескин тус олишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчи тур доирасида Швейцария – Босния ва Герцеговина (19 июнь, 00:00) ҳамда Канада – Қатар (19 июнь, 03:00) баҳслари бўлиб ўтади.
“С” гуруҳида Шотландия терма жамоаси биринчи турдаги ғалаба орқали 3 очко билан биринчи ўринга кўтарилди. Марокаш ва Бразилия бир очкодан жамғарган бўлса, Гаити ҳисобида очко йўқ. Бу гуруҳдаги иккинчи тур баҳсларида Бразилия – Гаити ҳамда Шотландия – Марокаш жамоалари ўзаро куч синашади.

Чемпионат мезбонларидан бири бўлган АҚШ терма жамоаси “D” гуруҳида тўплар нисбатига кўра биринчи ўринни эгаллаб турибди. Австралия ҳам 3 очко жамғарган бўлса, Туркия ва Парагвай дастлабки турдан кейин очкосиз қолди.
19 июнь куни АҚШ – Австралия ҳамда Туркия – Парагвай баҳслари бўлиб ўтади. Ушбу ўйинлар гуруҳдаги кучлар нисбатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Е” гуруҳида Германия йирик ҳисобдаги ғалабаси туфайли пешқадамга айланди. Кот-д’Ивуар ҳам 3 очко жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра иккинчи ўриндан жой олган. Эквадор ва Кюрасао ҳисобида эса очко йўқ.
20 июнь куни Германия – Кот-д’Ивуар учрашуви гуруҳ етакчисини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Эквадор ва Кюрасао илк очколари учун кураш олиб боради.

“F” гуруҳида Швеция терма жамоаси биринчи турдаги ишончли ғалабадан кейин 3 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. Япония ва Нидерландия ўзаро дуранг қайд этгани боис ҳисобида бир очкодан мавжуд. Тунис эса мусобақани мағлубият билан бошлади.
20 июнь куни Нидерландия – Швеция ҳамда Тунис – Япония учрашувлари бўлиб ўтади. Айниқса, Нидерландия ва Швеция ўртасидаги баҳс гуруҳ етакчилиги учун кураш нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотмоқда.

“G” гуруҳидаги вазият ҳозирча энг мувозанатли кўриниш олган. Чунки биринчи турдаги ҳар икки баҳс дуранг билан якунланди. Натижада Янги Зеландия, Эрон, Бельгия ва Миср терма жамоаларининг ҳар бири ҳисобида бир очкодан мавжуд.
21 июнь куни Бельгия – Эрон ҳамда Янги Зеландия – Миср баҳслари бўлиб ўтади. Ушбу учрашувлардан кейин гуруҳдаги вазият анча ойдинлашади.

“H” гуруҳида ҳам барча жамоалар биринчи турни дуранг билан якунлади. Уругвай ва Саудия Арабистони баҳси 1:1 ҳисобида тугаган бўлса, Испания ҳамда Кабо-Верде ғолиб номини аниқлай олмади. 21 июнь куни Испания – Саудия Арабистони ва Уругвай – Кабо-Верде учрашувлари бўлиб ўтади. Айниқса, Испания терма жамоаси учун навбатдаги баҳс муҳим аҳамият касб этади.

“I” гуруҳида Норвегия ва Франция терма жамоалари ғалаба билан старт олди. Норвегия тўплар нисбатига кўра биринчи ўринни эгаллаб турибди. Франция иккинчи поғонада бормоқда. Сенегал ҳамда Ироқ ҳисобида эса ҳозирча очко йўқ.
22 июнь куни Норвегия – Сенегал ва Франция – Ироқ баҳслари бўлиб ўтади. Ғалаба қозонган жамоалар плей-офф масаласини муддатидан аввал ҳал қилиши мумкин.

“J” гуруҳида Аргентина ва Австрия терма жамоалари биринчи турда ғалаба қозониб, 3 очкодан жамғарди. Иордания ҳамда Жазоир эса очкосиз қолмоқда. 22 июнь куни Аргентина ва Австрия гуруҳ етакчилиги учун майдонга тушади. Иордания ҳамда Жазоир эса мусобақадаги дастлабки очколарини қўлга киритиш учун кураш олиб боради.

“K” гуруҳида Колумбия терма жамоаси биринчи турдан кейин 3 очко билан якка пешқадамга айланди. Португалия ҳамда Конго Демократик Республикаси ҳисобида бир очкодан мавжуд. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса мусобақани мағлубият билан бошлади.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоамиз иккинчи тур доирасида 23 июнь куни Португалияга қарши майдонга тушади. Шу куни Колумбия ҳамда Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ҳам ўзаро куч синашади.

“L” гуруҳида Англия ва Гана терма жамоалари дастлабки турдан кейин уч очкодан жамғариб, етакчиликни қўлга олди. Хорватия ҳамда Панама эса турнир жадвалининг қуйи поғоналаридан ўрин олган.
Мазкур гуруҳда иккинчи тур учрашувлари 23 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Англия – Гана ҳамда Хорватия – Панама баҳслари ташкил этилади. Ушбу учрашувлар плей-офф йўлланмаси учун курашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Шундай қилиб, иккинчи тур баҳслари бир қатор гуруҳларда плей-офф йўлланмаси тақдирини ҳал қилиши, айрим жамоалар учун эса мусобақада қолиш ёки қолмаслик масаласини белгилаб бериши мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА