ЖЧ—2026: Гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари якунланди
Футбол бўйича жорий йилги мундиалнинг 3-тур учрашувларига бугун старт берилади ва 3 та гуруҳда жамоалар сараланади.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари якунланди. Ушбу тур якунларига кўра, Мексика, АҚШ, Германия, Аргентина, Франция, Норвегия, Колумбия терма жамоалари плей-офф босқичига йўл олган бўлса, Гаити, Туркия, Тунис, Иордания ва Панама термалари мундиалнинг гуруҳ босқичида қолиб кетди.
Жумладан, “А” гуруҳида Мексика 6 очко тўплаб, муддатидан олдин навбатдаги босқичга йўл олган бўлса, Корея Республикаси термаси 3 очко билан иккинчи ўринда қолди. Чехия ва Жанубий Африка Республикаси термалари эса 1 очкодан жамғарган ҳолда кейинги ўринларни банд этди. Ушбу гуруҳда 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Мексика – Чехия ва Корея Республикаси – ЖАР термалари баҳсига гувоҳ бўламиз. Бу ўйиндаги натижалар фақатгина мексикаликлар учун аҳамиятсиз бўлади ва улар мухлислар учун ўйнайди. Қолган уч жамоага эса ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

“В” гуруҳида эса Канада ва Швейцария 4 очко билан 1–2-ўринлардан жой олган бўлса, Босния ва Герцеговина ва Қатар терма жамоалари ҳисобида бир очкодан мавжуд. Бу эса гуруҳдаги курашнинг янада кескин тус олишига сабаб бўлмоқда.
Гуруҳнинг учинчи турида Швейцария – Канада, Босния ва Герцеговина – Қатар рақобатлашади. Аслида гуруҳ пешқадамлари учун мазкур учрашувда дуранг натижа ҳам уларни плей-офф босқичига олиб чиқади. Бироқ, Босния ва Герцеговина – Қатар ўртасидаги ўйин ғолиби мундиалнинг энг яхши натижа кўрсатган 3-ўрин жамоасига айланиши мумкин.

Бразилия ва Марокаш жой олган “С” гуруҳида айнан бу икки терма жамоа 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Шотландия эса 3 очко билан 3-ўринни банд этган, Гаити икки тур якунига кўра очкосиз қолди. Учинчи турда Бразилия – Шотландия ҳамда Гаити – Марокаш жамоалари ўзаро куч синашади.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу 3 та гуруҳдаги сўнгги тур баҳслари 24 июнь куни бўлиб ўтади. Аниқроқ айтганда, “В” гуруҳидаги баҳслар мамлакатимиз вақти билан 25 июнга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланса, “С” гуруҳидаги терма жамоалар ўйини соат 03:00 да ўтказилади. “А” гуруҳидаги тўқнашувларга соат 06:00 дан бошлаб гувоҳ бўламиз.
Чемпионат мезбонларидан бири бўлган АҚШ “D” гуруҳида 6 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган ҳолда 1/32 финалга йўл олди. Австралия ва Парагвай эса 3 очкодан жамғарди. Туркия очкосиз қолмоқда.

Германия “E” гуруҳида кетма-кет икки ғалабадан сўнг 6 очко тўплаб, навбатдаги босқичга муддатидан олдин чиқди. Кот-д’Ивуар эса 3 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Ҳисобида 1 очкодан бўлган Эквадор ва Кюрасао 3–4-поғоналарда қолмоқда.

“F” гуруҳида Нидерландия ва Япония 4 очко билан етакчилик қилмоқда. Швеция 3 очко билан учинчи ўринда турибди. Тунис эса мусобақани мағлубият билан давом эттирмоқда.
Бу гуруҳнинг учинчи турида Нидерландия – Тунис ўйини шунчаки расмиятчилик учун ўтади. Сабаби, ҳар қандай вазиятда ҳам нидерландияликлар плей-офф масаласини ҳал этган. Аммо сўнгги турда Япония ва Швеция термалари учун ғалаба кейинги босқич йўлланмасини нақд қилади. Шу боис ҳам бу учрашув ҳақиқий жангга айланиши шубҳасиз.
Юқоридаги учта гуруҳда 3-тур ўйинлари 25 июнь куни бўлиб ўтади.

Жаҳон чемпионатининг “G” гуруҳида вазият ўзгача. Айни дамда Миср 4 очко билан етакчилик қилмоқда. Эрон ва Бельгия 2 очкодан жамғариб, кучли учликдан ўрин олган. Янги Зеландия эса бир очко билан курашни давом эттирмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Эрон, Бельгия ва Янги Зеландия термалари 3-турда ғалаба қозонса, плей-офф иштирокчисига айланади. Шу боис ҳам сўнгги турда Миср ва Эрон, Бельгия ҳамда Янги Зеландия ўйинлари қизиқарли ўтиши аниқ.
“H” гуруҳида Испания 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Уругвай ва Кабо-Верде 2 очкодан жамғариб, кейинги ўринларда бормоқда. Саудия Арабистони эса 1 очко билан кучли учликдан жой олиш умидини сақлаб қолмоқда.
Кабо-Верде сўнгги турда саудиялик футболчилар билан куч синашади. Бу ўйинда ҳар иккала жамоани фақат ғалаба қониқтиради. Уругвай эса Испания тўсиғидан ўтиши лозим. Гарчи испанларда плей-оффга йўл олиш имконияти яхши бўлса-да, мағлубият уларни 3-ўринга тушириб юбориши мумкин. Аслида фаворит ҳисобланган бу икки жамоа учун сўнгги тур қийин ўтади.

“I” гуруҳида барчаси кутилганидек бўлди. Сабаби, Франция ва Норвегия икки ғалаба эвазига бу тур якунига кўра навбатдаги босқич йўлланмасига эга чиқди. Сенегал ҳамда Ироқ ҳисобида эса ҳозирча очко йўқ.
3-турда фаворитлар ўзаро гуруҳ пешқадамлиги учун ўйнайди. Аутсайдерлар эса 3 очко илинжида беллашади.
“G”, “I” ва “H” гуруҳларидаги сўнгги тур ўйинлари ҳам бир кунда ташкил этилади. Ушбу ўйинларга 26 июнь куни гувоҳ бўламиз.

Мессининг яқин йилларда такрорланмас рекорди қайд этилаётган “J” гуруҳида Аргентина 6 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Улар ортидан Австрия ва Жазоир 3 очко билан бормоқда. Иордания икки турда мағлуб бўлиб, гуруҳда қолиб кетди. Энди учинчи турда аргентиналик футболчилар расмиятчилик учун Иордания билан тўқнашади. Бироқ, Австрия ва Жазоир плей-офф йўлланмаси учун “жанг” қилади.

Ўзбекистон терма жамоаси жой олган “K” гуруҳида Колумбия 6 очко билан пешқадам. Португалия 4 очкога эга бўлиб турибди, Конго Демократик Республикаси 1 очко билан учликдан жой олди. Мундиалнинг навбатдаги босқичига йўл олган колумбиялик футболчилар 3-тур доирасида Португалия билан тўқнашади. Ўзбекистон термаси эса Конго билан куч синашади.
“L” гуруҳида Англия ва Гана иккинчи тур якунига кўра 4 очко билан карвонбошилик қилмоқда. Уларни Хорватия 3 очко билан таъқиб этмоқда. Панама эса очкосиз турнир жадвалининг қуйи поғонасидан ўрин олган.

Ушбу гуруҳдаги плей-офф учун кураш 3-турда ҳам давом этади. Унда Англия – Панама, Хорватия – Гана баҳслари ташкил этилади. Ушбу учрашувлар плей-офф йўлланмаси учун курашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Дарвоқе, бу учта гуруҳдаги баҳслар 27 июнь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026да гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни олган энг яхши саккизта терма жамоа плей-офф босқичига йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА